“Терминатор”нинг машинаси кимошдига қўйилди

“Терминатор”нинг машинаси кимошдига қўйилди

Texas Direct Auto компанияси Арнольд Шварцнеггернинг Unimog U1330 SE 6.4 русумли автомобили сотилишини эълон қилди. Каттакон ва бақувват автомобиль Ebay интернет-кимошди майдончасида сотилади.

Unimog 6,4 литрли турбодизель двигателга эга бўлиб, 320 отнинг кучи бор. Ярим автоматик трансмиссия билан ишлайди. Салони икки кишига мўлжалланган (ҳайдовчи билан бирга). Blaupunkt аудиотизими, орқани кўрсатувчи камера, кондиционер, пневмотаянчли ўриндиқлари бор.

Бундан ташқари, Шварцнеггернинг нодир машинаси шиналарни дамлаш тизими, пневмоосма (пневмоподвеска) ва Hella фараларига эга. 13 048 миль (тахминан 21 минг км) йўл босган. АҚШ ва Германия йўлларида юришга сертификацияланган. “Евро-3” экологик талабига жавоб беради.

Автомобилни сотувчилар у Арнольдники эканини таъкидламоқда. Бунинг исботи сифатида салондаги олд панелда киноюлдузнинг дастхати бор.

2014 йилнинг кузида ҳам Шварцнеггерга қарашли автомобиль савдога қўйилган эди. Киноюлдузларга тегишли буюмлар ва техника нархи йилдан-йилга ошиб боравериши барчага маълум. Биринчи Unimog кимошдида 273 600 долларга сотилган бўлса, галдаги русумнинг камида 350 980 долларга сотилиши мўлжалланмоқда.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"