Тошкент кўчаларида “киракаш”ларга қарши махсус рейдлар бошланди

Тошкент кўчаларида “киракаш”ларга қарши махсус рейдлар бошланди

Тошкентда шахсий машина эгаларининг йўл четида турган йўловчиларни манзилига етказиб қўйиши одатий хол. Баъзида бир эмас бир нечта машиналар бир йўловчини оламан деб тортишиб ҳам қолишади. Такси тўхтатганингизда хатто қиммат русумли автомобил ҳайдовчилари ҳам йўл йўлакай нисбатан арзон нархга сиз айтган жойга олиб бориб қўйишади. Бу йўловчи учун қулай, лекин қонунга хилоф.

13 февраль куни Тошкент шаҳар ҳокимиятида ўтказилган матбуот анжуманида айтилишича, 15 февралдан бошлаб кўчаларда махсус рейдлар бошланади. “Тошшаҳартрансхизмат” АК, Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги шаҳар ҳудудий бўлими, Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси, ҳокимликнинг йўловчи ташиш транспортининг барча турларини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаменти ҳамкорлигида тасдиқланган кенг қамровли тадбирлар режаси пойтахтимиз кўчаларида лицензияга эга бўлмай туриб йўловчи ташиш билан шуғулланаётганларнинг фаолиятини тўхтатишга қаратилган.

Режа 2016 йилнинг 13 январь куни тасдиқланган бўлиб, ўтган вақт мобайнида ўтказилган 310 та рейд натижасида 9200 автомобиль воситаси текширилган ва 1850 та қоидабузарлик ва камчиликлар аниқланди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги бўлим бошлиғи Фарход Мирзаевнинг фикр билдиришича, режа биринчи навбатда йўловчилар ҳавфсизлигини таъминлаш мақсадини кўзда тутади.

Унга биноан 47 та ишчи гуруҳ фаолият бошлайди. Улар пойтахтимизнинг барча туманларида ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган автоулов соҳибларини аниқлашади. Ҳозирги кунда ноқонуний йўловчи ташиш билан шуғулланатган транспорт воситалари кўпайган улар қонун йўли билан шуғулланаётган корҳоналар фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда, дейди Фарход Мирзаев.- Бу рейд бир ёки икки кун эмас балки мунтазам амалга оширилади. Гуруҳ аъзолари куннинг исталган вақтида фаолият олиб бориши мумкин.

Матбуот анжуманида Тошкент шахар ИИБ йўл ҳаракати бошқармаси ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш бўлими бошлиғи Алишер Абдуқодиров ҳам янги режанинг аҳамияти ҳусусида тўхталиб ўтди:

– Таҳлилларга назар ташласак, кўпгина ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган ҳайдовчиларда малака етишмаслиги, йўл ҳаракати қоидаларини яхши билмаслиги кабилар кўп аниқланади. Шу вақтга қатар умумий хисобда 11 та гуруҳ фаолият олиб борган эди. Эндиликда уларнинг сони 47 тага етказилди. Мамлакатимизда мазкур фаолият билан қонуний шуғулланиш учун барча ҳуқуқий асослар яратилган.

Матбуот анжуманида шахсий автомобиль эгаларининг лицензияга эга ҳолда иш юритаётган юридик ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишлари улар учун катта қийинчилик ёки моддий зарар келтирмаслиги ҳам алоҳида таъкидланди.

Тадбирда бир қатор саволларга жавоб берилди. Уларда келтирилган айрим жиҳатларни санаб ўтамиз:

  • Тошкент шаҳрида махсус автокорхоналар бор. Автотранспорт воситасини қонунда кўрсатилган тартибда вақтинчалик ижарага бериш орқали корхона балансига ўтказилади. У корхона ўз зиммасига автотранспорт воситасини фил суяги рангига бўяш ва махсус белгиларни қўйиш кабиларни ўз бўйнига олади.
  • Автомобил транспортида йўловчиларни лицензиясиз ташиш билан ноқонуний шуғулланган фуқаролар учун – энг кам иш ҳақининг 20 баробаридан 100 баробаригача, мансабдор шахслар учун 50 баробаридан 150 баробаригача жарима солинади. (Ўзбекистон республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг 176-3 банди.)
  • Ушбу ҳол қайта такрорланса, энг кам иш ҳақининг 25дан 75 баробаригачажарима ёки 5 йилгача транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади ёки 3 йилгача аҳлоқ тузатиш ишларига жалб этилади. (Ўзбекистон республикаси жиноят кодексининг 190-2 банди.)
  • Ҳозирги кунда 1 та енгил автомобилда йўловчи ташиш учун 1 йил муддатли лицензия варақасининг давлат божи нарҳи 75 АҚШ доллари (Ўз.Рес. МБ курси бўйича)
  • Ўриндиқлар сони 4 кишидан ортиқ бўлган автомобиллар учун 125 АҚШ долларини ташкил этади. (Ўз.Рес. МБ курси бўйича)
Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Мавзу:

#такси