Chevrolet`нинг LG билан ҳамкорликда ишлаб чиқараётган электрокари фотожосуслар “тузоғи”га тушди

Chevrolet`нинг LG билан ҳамкорликда ишлаб чиқараётган электрокари фотожосуслар “тузоғи”га тушди

Интернетда ҳозирча Bolt деб номланаётган янги Chevrolet электромобиллар туркумининг ўғринча фотосуратлари пайдо бўлди. Автомобиль унинг дунё намойиши бўлиб ўтадиган Лас-Вегасдаги CES истеъмол электроникаси кўргазмаси арафасида камуфляж(оқ-қора рангдаги ниқоб)сиз ҳолатида тасвирга олинган.

Янгилик 2015 йилнинг январь ойида Детройтдаги моторшоуда намойиш қилинган Chevrolet Bolt концепт-кари мотивлари асосида бунёд этилган. Бироқ бунда ишлаб чиқилган автомобиль ва прототип дизайни ўртасида бир қанча жиддий ўзгаришларни кўриш мумкин. Масалан, асосий фаралар ва орқа тиргак шакли ўзгарган бўлиб, уларнинг услуби BMW i3 деталларига айнан ўхшаб кетади.

Электромобилнинг техник хусусиятлари ҳозирча сир тутилмоқда. Фақатгина автомобиль Жанубий Кореянинг LG маркаси билан ҳамкорликда яратилаётгани маълум. LG қувват қурилмаси деталларининг катта қисмини тақдим этмоқда: электромотор компаниянинг шахсий ишланмаси асосида яратилган. Бундан ташқари, аккумуляторлар жамланмаси, инвертер, батареяларни қувватлаш ва уларни қизитиш тизими LG`га тегишли. Шунингдек, иқлим назорати ва мультимедиа комплекси ҳам LG томонидан тақдим этилади.

Янги автомобиль бир марталик қувват билан 320 километргача масофани босиб ўтиши мумкин. У махсус тезкор қувватлаш станцияларида батареясини «тўлдириб» олади. Батареяларни ҳаракат вақтида қувватлантирадиган, BMW i3 каби моделларда қўлланилаётган ички ёнув двигателли модификациядан фойдаланиш режалаштирилгани йўқ.

Электрокар Мичигандаги заводда йиғилади. Унинг баҳоси 30 минг доллар атрофида бўлиши айтилмоқда. 2017 йил бошидан мазкур автомобиль АҚШнинг 50та штатидаги диллерларга етиб боради.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг июнь ойида АҚШнинг патентлар ва савдо белгиларини рўйхатдан ўтказиш бюроси Chevrolet компаниясининг Bolt номини рўйхатдан ўтказиш бўйича тақдимномасини рад этган эди. Бунга мазкур ном 2012 йилда Yamaha мотоцикллари учун банд қилиб қўйилгани сабаб бўлди. Шу боис мазкур моделнинг қандай номланиши ҳозирча аниқ эмас.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!