«Чилонзор» метро бекатида тажриба тариқасида ҳожатхона қуриш ишлари олиб борилмоқда

«Чилонзор» метро бекатида тажриба тариқасида ҳожатхона қуриш ишлари олиб борилмоқда

 

Тошкент метрополитени 28 декабрь куни «Дарё» нашрида «Кассаларда навбат, тиббий ёрдам ололмайсан, бекатларни номи эмас, ўриндиқларига қараб ажратасан. Тошкент метросига нималар етишмаяпти?» сарлавҳаси остида эълон қилинган мақолага муносабат билдирди.

Мақолада Тошкент метрополитенида содир бўлаётган носозликлар, кўрсатилаётган хизматлар сифати, қулайлик ва камчиликлар тўғрисида маълумот берилганди.

Тошкент метрополитетининг маълум қилишича, бирор йўналишда тармоқлар кенгайгани сари унга бўлган талаб ҳам ошиб бораверади. «Бунга биргина мисол, Тошкент метрополитенига янги йўналиш қўшилгани ва янги бекатлар бино қилингани орқали йўловчилар оқимининг тобора ошиб бораётганидир. Бу борада рақамларга мурожаат этадиган бўлсак метрополитендан 2019 йил бир кунда ўртача 200—220 минг йўловчи фойдаланган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 380—420 мингни ташкил этмоқда. Йўловчилар оқими кўп бўлгани сабаб 2022 йилда яна 14 та ҳаракат таркиби харид қилиниши назарда тутилган», — дейилади муносабатда.

Шунингдек, метрода йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ва уларга қулайликлар яратиш борасидаги такомиллаштирилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилган:

Ўзбекистон президентининг «Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан метрополитен инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда ҳаракат таркибларини босқичма-босқич янгилаш, эскирган ҳаракат таркибларини капитал таъмирлаш борасида аниқ режалар белгиланган. Ҳозирда метро вагонларидаги техник носозликлар борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, камчиликлари ўз вақтида бартараф этилмоқда. Метрополитенда ҳаракат хавфсизлик тизимини такомиллаштириш орқали йўловчилар ва ҳаракат хавфсизлиги даражасини оширишда замонавий билимга эга кадрлар тайёрлаш тизимини жорий этиш орқали соҳани малакали кадрлар билан таъминлашда Олий таълим муассасаларида метрополитен ишчи ходимларини малакасини ошириш ишлари ташкил этилган;


Тошкент метрополитенида йўловчиларга сифатли ва хавфсиз хизмат кўрсатишни ташкил қилиш мақсадида метро бекатларида йўл кўрсаткичини замонавий дизайн асосида босқичма босқич алмаштириш ишлари белгиланган. Айни кунларда йўл кўрсаткичлари меъёрий лойиҳа ҳужжатлари асосида ўрнатилган.


Таъкидланишича, ерости бекатларида киши соғлиғига таъсир кўрсатувчи босим борлигини инобатга олган ҳолда барча бекат навбатчилари биринчи ёрдам кўрсатиш маълумотига эга ва барча бекатларда биринчи ёрдам кўрсатиш учун дори воситалари билан таъминланган.

Бундан ташқари, зарур вақтларда тез ёрдам ишчи ходимлари чақиртирилади, метрополитеннинг «Пахтакор» ва «Минг ўрик» бекатларида тиббий пунктлар мавжуд.

Шу билан бирга, Тошкент метрополитенида нима сабабдан ҳожатхоналар йўқлигига ҳам тўхталиб ўтилган.

«Дунёнинг аксарият метрополитенларида ҳозирги кунда ҳожатхона ҳамда она ва бола хоналари мавжуд эмас. Шу қаторда Тошкент метрополитенида ҳам ҳожатхона, она ва бола хоналари қурилмаган. Жумладан, йўловчилар энг узоқ манзилга ўрта ҳисобда 40-50 дақиқа атрофида етиб боришади. Бироқ шунга қарамай меъёрий лойиҳа ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилган ҳолатда ‘Чилонзор’ метро бекатида тажриба тариқасида ҳожатхона қуриш ишлари олиб борилмоқда, агарда бу ўзини оқласа бошқа бекатларда ҳам амалда татбиқ этилиши кўзда тутилган. Янги қурилаётган метро бекатларида эса йўловчилар учун қатор қулайликлар мавжуд бўлиши лойиҳалаштирилган», — дея қайд этилади муносабатда.

Ерусти метро бекатларида имконияти чекланган йўловчилар фойдаланиши мумкин бўлган лифтлар ўрнатилгани кўпчиликка маълум. Лифтлардан асосан кексалар, ҳомиладор аёллар, ёш болали ва ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши белгиланган. Бекатлардаги мавжуд лифтлар ва эскалаторларни бир маромда ишлашини ташкил қилиш ва назорат ўрнатиш борасида метрополитен ходимлари орасида доимий навбатчилик йўлга қўйилган. Ҳозирги кунда барча ерусти метро бекатларида мавжуд лифтлар соз ҳолда ишлаб, юқорида кўрсатилган тоифадаги йўловчиларга ҳеч қандай чекловларсиз хизмат кўрсатмоқда;

Маълум қилинишича, ҳозирги кунда барча ер усти метро бекатларида мавжуд лифтлар соз ҳолда ишлаб, кексалар, ҳомиладор аёллар, ёш болали ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳеч қандай чекловларсиз хизмат кўрсатмоқда.

«Қайд этиш лозимки, 2020 йилдан Тошкент метрополитенида Автоматлаштирилган тўлов тизими жорий этилиб, йўловчиларга қулайликлар яратиш мақсадида, транспорт ва имтиёзли карталар амалда татбиқ этилди. Карталарни метрополитен бекат кассаларидан ва махсус картамотлардан ҳарид қилиш имконияти мавжуд. Карталарнинг фойдаланиш муддати 3 йил этиб белгиланган. Бу борада қўшимча маълумотлар АТТО сайтида мавжуд. Бундан ташқари, Тошкент шаҳар меҳмонлари ва метрополитен хизматидан кам фойдаланувчи йўловчиларга бир марталик ҚР-кодли чипталар жорий қилинган. Ижтимоий тармоқда ўтказилаётга махсус сўровнома натижалари асосида 2022 йил март ойидан фақат метрода имтиёзли юришни кафолатлайлиган ойлик карталари (юқоридаги тўлов тизимларига қўшимча) жорий этилиши режалаштирилган ва бу орқали кассалар олдидаги тирбандликларни бартараф этиш кўзланган», — дейилади хабарда.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Мавзу:

#Метро