Citroen премиум гибридни намойиш қилади

Citroen премиум гибридни намойиш қилади

Франциянинг автомобиль ишлаб чиқарувчи компанияси тармоқда Cxperience номли гибриднинг суратларини эълон қилди. Автомобиль сентябрь ойининг охирида ўтказиладиган Париж автосалонида намойиш этилади.

Гибриднинг бироз ўзгача кузовга эга бўлишидан қатьи назар, Citroen уни седан сифатида таништирган. Модель ҳажман сўнгги авлод Citroen C6 автомобилига анча яқин. Янги концептнинг узунлиги – 4, 85 метр, кенглиги – 2 метр ва бўйи – 1, 37 метрга тенг.

Citroen Cxperience салони ортиқча нарсалардн холи, минималистик форматда. Мисол учун, олд ажратиш панеллари ўрнига салонга йирик – 19 дюймли сенсорли экран ўрнатилган. Дисплейга ҳайдовчи учун зарур маълумотлар ҳамда кўнгилочар материалларни чиқариш мумкин.

Орқа ойналар ўрнига моделда камералар ўрнатилган бўлиб, улар ооқадаги намойишни экранда кўрсатади. Камералар ёрдамида пилот 360 градусда ташқарини кўриши, шу билан бирга,  илк марта Citroen C3 моделида қўлланилган ConnectedCAM функцияси орқали атрофни суратга олиши ва қисқа видеолар ёзиши мумкин.

Citroen Cxperience бензин ва 3 кВт/соатли гибрид тизим орқали ҳаракатга келтирилади. Автомобиль тезлиги 8 поғонали трансмиссия ёрдамида бошқарилади. Гибрид мотор 300 та от кучига эга. Фақат электр моторда автомобиль 60 км масофа босиши мумкин.

Янги Citroen Cxperience моделининг аҳамиятли хусусиятларидан яна бири Advanced Comfort подвескаси бўлиб, унга иккита қувурли амортизатор ва иккита гидравлик буфер маҳкамланган. Динамик ва микрофонлар ўриндиқнинг бош қисмига ўрнатилган, эшиклар эса ҳар хил тарафга очилади.

Модель ҳақидаги янги тафсилотлар билан Париж автосалонида танишиш мумкин.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Мавлон Марасулов

Мутахассислиги бўйича таржимон. Олти йилдан буён электрон технологиялар соҳасида ишлайди. Турли чет мамлакатларида ўтказилган конференциялар иштирокчиси.