Daimler Парижда келажак шаҳарлари автомобилини кўрсатди

Daimler Парижда келажак шаҳарлари автомобилини кўрсатди

Электромобиллар ҳақида ўқиганмиз, эшитганмиз, аммо кўпчилигимиз учратмаганмиз. Шу боис унга оид янгиликлар айримларга қизиқ бўлмаслиги мумкин. Бироқ европаликлар учун электромобиль транспорти тобора долзарблик ва муҳимлик касб этмоқда. Чунки кўҳна қитъанинг кўплаб йирик шаҳарлари маъмурияти ҳаво тозалигига диққат қаратмоқда.

Масалан Парижни олайлик. Автокўргазма ўтказилаётган ушбу шаҳар марказига 1997 йилгача ишлаб чиқарилган машиналар қўйилмаслигидан хабардормисиз? Carzone.uz 2025 йилга бориб бир қанча Европа мамлакатлари ички ёнув двигателли машиналарни тақиқлаши ҳақида ёзган.

Daimler компанияси узоқни кўзлаб Париж автосалонига Smart Fortwo, Cabrio ва Fourfourнинг электрли версияларини олиб келди. Компания вакиллари ўзига ишонч билан “энди идеал шаҳар автомобили яна жиндеккина яхшиланиши керак” дейди.

Электрли Smart Fortwo, Cabrio ва Fourfour машиналарини 80 от кучига эга мотор ҳаракатлантиради. Энг юқори тезлиги соатига 130 км. Электромобилларни тўла зарядлаш учун 2,5 соат керак. Smart Fortwoнинг йўл захираси 160 км.  Кабриолет ва тўрт эшикли Forfour ундан 5-6 км озроқ йўл босади.

Smart Electric Drive баҳоси 27 839 евродан бошланади. Демак, ички ёнув двигателли машиналар батамом йўқолганда ҳам ҳеч ким пиёда қолмайди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"