Энди “Бентли”да тамадди қилиш мумкин

Энди “Бентли”да тамадди қилиш мумкин

Bentley компаниянинг автомобилларни ҳашаматли қилиб ясатувчи Mulliner ательеси Bentayga йўлтанламаси юкхонасига ўрнатиладиган саёҳат анжомлари тўпламини тайёрлади.

Анжомлар тўплами силлиқ чарм сирилган салмоқли металл сандиқчалардан ташкил топган. Кронштейн ёрдамида юкхона бўлмасига ўрнатилади. У бўлмага тўлиқ эгаллайди, деса бўлади. Бирида Linley маркали чинни идишлар тайёр туради. Иккинчиси ихчамгина музлатгич бўлиб, унда турли ичимликлар сақлаш мумкин. Учинчисида салфетка ва кашмири дастурхон хизматга мунтазир.

Ўйлаганингиздек, “Бентли”да овқатланиш арзонга тушмайди. Саёҳат анжомлари тўплами 27,5 минг доллар туради. Ҳа, бу пулга Англияда VW Golf GTI хэтчбекини харид қилиш мумкин. Бу тўплам Bentayga асос версияси нархининг ўндан бирига тенглигини ҳам айтиб ўтсак бўлади.

Bentleyнинг нозиктаъб эгасини ортиқча уринтирмаслик учун Британиянинг Daylesford органик маҳсулотлар фермаси анжомлар тўпламига атаб тансиқ меню тузди. У ошқовоқ, олма, бекон, қизартириб қовурилган писта, соус, гречкали салат, қўзиқоринлар, қовурилган қовоқча, кекс, қалампир, малина ва бодомли печенье, шоколадли ширинлик ва яна бир талай иштаҳаочар емишлардан иборат.

Иштаҳангиз очилиб кетдими? Овқатланиш вақти бўлди 😉

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"