Ford ўз турида ягона “қирувчи пикап” ясади

Ford ўз турида ягона “қирувчи пикап” ясади

Ford компанияси F-150 Raptor пикапининг махсус модификациясини намойиш этди. “Қирувчи Раптор” июль ойининг охирида Америка тажрибавий учиш аппаратлари хайрия кимошди савдосида сотилади. Автомобиль Lockheed Martin F-22 Raptor қирувчи самолётига бағишлаб ягона нусхада ясалган.

Машинанинг техник “мағзи”ни тайёрлашда Ford Performance спортча бўлинмаси жонбозлик кўрсатди. F-150 Raptor радиаторининг панжараси, орқани кўрсатувчи ойнаси ҳамда қирувчи самолёт силуэти, кузовидаги “F-22” ёзуви, “қандил”и, йўлтанламас шинали янги ғилдираги ва юк бўлмасидаги икки эҳтиёт ғилдираги билан оддий пикапдан ажралиб туради.

Олти цилиндрли моторининг ҳажми 3,5 литр бўлиб, 545 от кучига эгадир. Осмаси такомиллаштирилган, тормози кучайтирилган.

Хўш, у қанчага сотилиши мумкин? Бу ҳам айтилгани йўқ. Ўйлаб қарасак, оддий F-150 Raptor 49,5 мингдан 73 минг долларгача туради. Ноёб нусха эса юзлаб минг долларгача бўлиши мумкин. Ўтган йили “Мустанг”нинг махсус версиясини шу кимошди уйида 295 минг долларга сотилган. Жорий йилнинг январида эса яна бир F-150 Raptor 157 минг долларга кетди. “Қирувчи пикап” ҳаммасидан қиммат сотилиши эҳтимолдан холи эмас.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"