Ўзбекистонликлар интернетда энг кўп қайси автомобилни қидиради?

Ўзбекистонликлар интернетда энг кўп қайси автомобилни қидиради?

Яқинда Google дунё бўйлаб қайси маҳсулотлар қаерда энг кўп қидирилиши ҳақида йиллик ҳисоботини чоп этди. Ундан автомобиллар ҳақидаги маълумотлар ҳам ўрин олган.

Дунё бўйлаб энг кўп сотиладиган машиналар Тоyota‘га қарашли экани кўпчиликка сир эмас. Google ҳисоботида ҳам шу нарса акс этган.

Автокомпания 2014 йил дунё бўйлаб 10,23 миллион дона машина сотган. Бу борада иккинчи ўринни Volkswagen  эгаллаб турибди. У жами 10,14 миллион автомобил сотган бўлса, учинчи ўринда GM 9,92 миллион харидорнинг пулини олган. Бу рақамлар ушбу компанияларни дунёда энг машҳур брендлар дейиш учун асос бўла оладими?

АҚШ

Бунга аниқ жавоб бериш қийин. Чунки яқингача АҚШда, масалан, энг таниқли машиналар учлигини Ford, Jeep ва Dodge брендлари эгаллаб келган. Аммо 2014 йилда интернет орқали энг кўп қидирилган автоуловлар айнан Тоyota’га тегишли экани аниқланди.

Лотин Америкаси, Eвропа ва Осиё

Лотин Америкасида Fiat компанияси яққол пешқадам. У билан бирга Тоyota, Chevrolet, Volkswagen каби брендлар ҳам ўзининг кўп мухлисларига эга.

Eвропа қитъасини немис машиналари эгаллагани ажабланарли эмас. Бу ерда энг харидоргир автомобил сифатида BMW тилга олинади. Шунингдек, Аudi, Меrcedes ва Volkswagen ҳам етакчилардан.

Осиё минтақасида Япония автомобилларининг ошиғи олчи. Бу ерда Тоyotа ва Hondа интернетда энг кўп қидириладиган икки сўз. Россияликлар эса BMW, Hyundai ва Мercedes ишқибозлари эканини кўриш мумкин.

Ўзбекистон ва Марказий Осиё

Ўзбекистонда, шубҳасиз, Chevrolet бозорнинг ягона эгаси. Ўтган бир йил давомида Ўзбекистон ичкарисидан интернет орқали деярли фақат Chevrolet брендига оид маълумотлар қидирилган. Бунинг сабабини Ўзбекистонда оддий аҳоли орасида GM Uzbekistan автомобиллари оммабоп экани билан изоҳлаш мумкин.

Қўшни Қозоғистонда қардошларимиз Hyundai шайдоси экан. Қирғизлар эса BMWни энг кўп афзал кўриши аниқланган. Туркманистонда ҳам худди шундай.

Хулоса

Агар интернетда қидирилган сўзларга ишонадиган бўлсак, хитойликларни ёппасига Теslа электромобилларини ҳайдайди, деган хулосага боришимиз мумкин. Чунки Google харитасига қарасангиз, бу улкан давлат фуқаролари Теslaнинг ашаддий ишқибози еканини кўриш мумкин. Шунга қарамай, Теslа бу ўлканинг автомобил бозорида у қадар мустаҳкам ўринга эга эмас.

Аммо Ўзбекистон ҳақида бир гапни аниқ айтишимиз мумкин. Бу ерда энг кўп қидирилган ҳам, энг кўп сотилган ҳам, шубҳасиз GM Uzbekistan автомобилларидир.

Қуйида ҳар бир қитъа ва давлатларда энг кўп қидирилган автокомпанияларга оид инфографикани тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

the-world-s-most-sea-2_1600x0w

 

 

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.