Париж полициячилари Porsche машинасини портлатиб юборди

Париж полициячилари Porsche машинасини портлатиб юборди

Франция полицияси ходимлари эвакуация қилиниб, жарима майдончасига олиб кирилган Porsche Carrera S автомобили миналаштирилган деб ҳисоблаб, сапёрларни чақирди ва уни портлатиб юборди. Бу ҳақда, Le Parisien’га асосланиб Дарё ёзмоқда.

Айтилишича, 25 ёшли Оливье исмли йигит бир ҳафта муқаддам машинани ижарага олиб, 17 ноябрь кечки соатларида тунги клубга йўл олган. Аммо у парковка учун жой топа олмай, машинани таксига мўлжалланган тураргоҳда қолдирган. Йигит тунни клубда ўтказган, эрталаб эса маст ҳолда таксида уйига кетган.

18 ноябрь куни эрталабки соатларида полициячилар машинани жарима майдонига олиб кетган. Ўша куни мамлакатда амал қилаётган фавқулодда ҳолат доирасида ходимлар сапёрларни чақиришга қарор қилган, негаки машинанинг эгаси уни олиб кетишга келмаган. Воқеа жойига етиб келган хавфсизлик ходимлари машина багажини портлатган.

Оливьенинг сўзларига қараганда, бошида полициячилар машинани ижарага берган компания орқали у билан боғланган, аммо йигит етиб келишини айтганига қарамай, ҳуқуқ-тартибот ходимлари сапёрларни чақирган.

Porsche Carrera S’нинг нархи 100 минг евродан бошланади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.