Peugeot, Citroen ва Dongfeng глобал электрокарларни тайёрлаш устида иш бошлади

Peugeot, Citroen ва Dongfeng глобал электрокарларни тайёрлаш устида иш бошлади

PSA Peugeot Citroen гуруҳи ва Dongfeng Motor компанияси глобал электрокарлар учун асос бўладиган янги платформа устида изланишлар олиб боришни бошлади. Бу ҳақда Dongfeng Peugeot Citroen Automobile (DPCA) Франция-Хитой альянси ахборотида маълум қилинган.

Электромобилларнинг бўлажак шассиси e-CMP номини олади. У модулли CMP (Common Modular Platform) архитектураси базасида тайёрланади — мазкур архитектура устидаги ишларни PSA ва Dongfeng 2015 йилнинг баҳорида бошлаган эди.

e-CMP платформаси Peugeot, Citroen, DS ва Dongfeng брендлари остида 2019 йилдан бошлаб ишлаб чиқариладиган B ва C сегмент машиналари учун мўлжалланган. Шундай қилиб, французлар ўлчамлари Peugeot 208, Citroen C3 ва DS3, шунингдек Peugeot 308, Citroen C4 ва DS4’га ўхшаб кетадиган электрокарлар ишлаб чиқаради.

Ҳамкорлар тахминига кўра, 2020 йилга бориб DPCA альянсининг даромади 100 миллиард юань (тахминан 15,4 миллиард доллар)дан ошиб кетади.

Аввалроқ PSA Peugeot Citroen гуруҳи 2021 йилга қадар 26 та янги енгил машина ишланмаларини тайёрлаш режаларини эълон қилган эди. Улар орасида еттита гибрид юргизгичли ва тўртта тўла электр двигателли моделлар бор эди.

Аравакаш Жимми

Жимми — ҳинд фильмлари ихлосманди. Араваларга эса ҳинд фильмларидан ҳам кўпроқ қизиқади. Айниқса, электр токида ҳаракатланувчи ва ўзиюрар машиналар ҳақида ўқиш ва ёзиш — Жиммининг жону дили! Ўзи мутолаа қилган хабар-мақолаларнинг энг сараларини сизга ҳам илинади.