Smartдан рулсиз ва тепкисиз автомобилни кутиб олинг

Smartдан рулсиз ва тепкисиз автомобилни кутиб олинг

Smart маркаси Франкфурт автосалонига EQ ForTwo электрокарининг концепти билан боради. ForTwo ихчам автомобилининг базасида ясалган машина бешинчи даражадаги автоном бошқарув тизимида ишлайди. Бу нима дегани? Бу автомобилни бошқаришда инсон (кузатувчи, навбатчи ҳайдовчи) омилининг мутлақо зарурияти йўқлигини англатади. Концепт омма олдида шахсий автомобилни эмас, жамоатчилик автомобилини гавдалантириши мўлжалланган.

EQ ForTwo икки йўловчини сиғдиради. У каршеринг учун хизмат қилади. Тўла автоном бўлганлиги учун салонда на руль ва на тепкини учратасиз. Йўловчилар салонда мултимедиа тизимидан, юмшоқ дивандан роҳатланиши мумкин. 24 дюймли экранчада сафар ҳақидаги маълумотни кўриш, шунингдек, фото, видео томоша қилиш ҳамда ижтимоий тармоқда санғиш мумкин.

EQ ForTwoнинг пиёдалар билан муомала қиладиган “юзи” бор. Яъни радиатор панжараси ўрнига ўрнатилган 44 дюймли экранда пиёдалар учун керакли ахборот акс этади. Масалан, унда машина йўналиши ёки йўлни кесиб ўтаётган пиёдага огоҳлантириш ё бўлмаса у билан саломлашиш кўриниши мумкин. Ахборот таблоси радиатор панжарасининг ўрнидагина эмас, иккала эшикда ҳам жойлашган. Улар маҳаллий янгиликлар ёки об-ҳаво маълумотини кўрсатиб туради.

Капот остида 30 кВт•соат сиғимли аккумуляторлар блоки бор. Машина қачонки, бўшаса, автопилот уни яқин атрофдаги зарядлаш станциясига жўнатади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"