Toyota императорнинг автомобилини сота бошлади

Toyota императорнинг автомобилини сота бошлади

Япониянинг машинасозлик компанияси қимматбаҳо Toyota Century седани учун буюртмалар қабул қилишни бошлади. Бу седаннинг нақадар эътиборга молик эканини билиш учун “Сенчури”да Япониянинг бош вазири, Toyota Century Royal лимузинида эса япон императори юришини билиш етарлидир.

Ўтган йили “Тойота” маркасининг асосчиси Сакити Тоёданинг 150 йиллик таваллуди нишонланди ва Century русумининг учинчи авлоди тайёрланди. Centuryнинг ўзи чиққанига 50 йил тўлди.

Янги седаннинг узунлиги 5335 мм, кенглиги 1930 мм, бўйи 1505 мм, ғилдираклар базаси 3090 мм. Шоҳона Century узун базали Lexus LSни эслатади ва техник жиҳатдан ҳам Lexus LSни такрорлайди. 381 от кучига эга бензинли V8 мотор ўрнатилган. Машина гибрид двигателли бўлиб, жами қуввати 431 от кучига тенг.

Салонидаги барча қулайликлар орқадаги йўловчиларга десак бўлади. Улар учун алоҳида дисплей, созланувчан ўриндиқ ва оёқларни массаж қилувчи мосламалари бор. Қисқача айтганда, уни ҳар қандай тўкис амалдорлар орзу қилиш тайин.

Албатта, нархи ҳам шунга яраша. Япониядаги 19 600 000 иенлик нархини долларга ўтказсак, ҳозирги курсда 180 минг доллар бўлади. Нега бунчалик қиммат, дейсизми? Мана сабаблари.

  • пардозлашда табиий ёғочдан фойдаланилган, шунингдек, қопламалари табиий юнгдан;
  • Тoyota Centuryнинг барча седанлари қўлда йиғилади, табиийки кўп меҳнат сарф бўлади;
  • эмблемасини тайёрлашга 6 ҳафта кетади;
  • кузовидаги бўёғи 6 қатламдан иборат, қўлда полировкаланган;
  • энг асосий сабаби эса бу машинани олий даражадаги мансабдорлар ва япон императорининг оиласи сотиб олади.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"