Автомототранспорт воситаларини ижарага беришнинг янги тартиби жорий этилмоқда

Автомототранспорт воситаларини ижарага беришнинг янги тартиби жорий этилмоқда

Бугунги кунда миллий қонунчилигимизга мувофиқ, автомототранспорт воситалари ижарага берилганда, ижара шартномаларни нотариал тасдиқлаш талаб этилади. Бир қатор хорижий давлатларнинг тажрибаси ўрганилганда маълум бўлдики, Германия, Нидерландия, Франция, Жанубий Корея, Япония каби давлатларнинг фуқаролик кодексларида транспорт воситасини ижарага бериш шартномаси алоҳида шартнома тури сифатида мавжуд эмаслиги, шу билан бирга, ушбу шартнома тури шартнома ҳуқуқининг умумий нормалари билан тартибга солиниши ва уни тузишда ҳеч қандай нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди.

Таъкидлаш жоиз, Президентимизнинг 2021 йил 24 июлдаги “Электрон онлайн-аукционни ўтказиш тартибини соддалаштириш, унинг шаффофлигини ошириш ҳамда иштирокчилар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини кафолатлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда 2022 йил 1 январдан бошлаб жисмоний ва юридик шахслар томонидан автомототранспорт воситаларини электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукцион йўли билан ижарага беришда шартномаларни нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилиниши белгиланган. Электрон онлайн-аукцион натижасига кўра, расмийлаштирилган баённома ижара шартномаси кучига эга бўлиши ўз аксини топган.

Шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига автомототранспорт воситалари электрон савдо платформаси орқали ижарага берилганда, шартномани нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилиниши учун “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 565-моддасига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат билан автомототранспорт воситасини электрон савдо платформаларида ижарага бериш тартиби жорий этилмоқда. Бундай тартибнинг жорий этилиши тарафлар ўртасида алоҳида ижара шартномаси тузилмаслигига олиб келаётганлиги, мулк эгаси ва фойдаланувчи ўртасида турли баҳслар келиб чиқмаслиги учун электрон-аукцион натижасида ҳосил бўлган баённомада ғолибга мажбуриятлар ва қўшимча шартлар юклатилиши белгиланмоқда. Шунингдек, автомототранспорт воситасини электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукцион орқали ижарага берилганда мазкур аукцион натижаларига кўра, расмийлаштирилган баённома ижара шартномаси кучига эга бўлиши ва уни нотариал тартибда тасдиқлаш талаб этилмаслиги белгиланяпти.

Ўз навбатида, ушбу қонун автомотранспорт воситаларини ижарага бериш билан боғлиқ муносабатларни енгиллаштиришга, ижара бозорининг ривожланишига ҳамда соҳадаги бюрократиянинг олдини олишга хизмат қилади.