Bentley салонга бурилувчан асбоблар панели ўрнатди

Bentley салонга бурилувчан асбоблар панели ўрнатди

Британиянинг Bentley маркаси янги ҳашаматли Continental GT купесининг сурати ва тавсифини эълон қилди.

Русумнинг габарити олдингисиникидан деярли ўзгармаган. Узунлиги 4805, кенглиги 1954, бўйи эса 1392 ммга тенг. Ғилдираклар базаси эса 110 ммга кенгайган.

Двигатель – ўзиники бўлиб, Bentayga йўлтанламаси орқали яхши таниш. Олти литрли W12 мотори 635 от кучига эга. Двигатель ёнилғини тежаш учун цилиндрларнинг ярмини узиб қўйиши мумкин, аммо “Бентли” эгалари ёнилғини тежаб ишлатадиган одамлар бўлмаса керак, албатта. Купе юз тезликка 3,7 сонияда чиқади, максимал тезлиги 333 км/соатга тенг.

Интерьери серҳашам, бироқ техникавий янгиликлар кам. “Бентли”ни анча консерватив кишилар харид қилишини ҳисобга олсак, кичик ўзгаришлар сабабини пайқаймиз. Инженерлар рақамли бошқарув асбобларини шундай жойлаштирганки, асбоблар панели классик кўринишни олган.

Интерьерчилар сўнгги автомобилнинг олд панели ўртасига улкан планшет жойлаштирган бўлиб, барча хизмат функциялари унда жамланган. Bentley буни кўримсиз ҳисоблаб, уни уч томонлама буриладиган қисмли қилди: бир томони берк, иккинчи томонида 12,3 дюймли экран, учинчи томонида эса аналогли асбоблар бор. Ўрнак олса арзийди.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"