Битта ҳуқуқбузарликни бир неча киши расм(видео)га олиб жўнатса штраф ҳам бир неча марта тўланадими?

Битта ҳуқуқбузарликни бир неча киши расм(видео)га олиб жўнатса штраф ҳам бир неча марта тўланадими?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси (МЖтК)нинг 3-моддасига асосан  маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қонунийлик, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, демократизм, инсонпарварлик, одиллик ва айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига асосланади. 

Одиллик принципининг моҳияти шундаки, маъмурий жазо чораси одилона бўлиши, яъни маъмурий ҳуқуқбузарликнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг қонунга хилоф ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги даражасига мувофиқ бўлиши керак.

Эътибор беринг! Ҳеч қайси шахс битта маъмурий ҳуқуқбузарлик учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

МЖтКнинг 34-моддасига кўра битта шахс икки ёки ундан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган тақдирда, маъмурий жазо ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун алоҳида-алоҳида қўлланилади.

Ушбу модда моҳиятидан ҳам англашимиз мумкинки, шахс томонидан содир этилган битта маъмурий ҳуқуқбузарлик учун икки марта жавобгарликка тортиш мумкин эмас. 

Демак, битта ҳуқуқбузарлик учун иккита жарима келса ҳам сиз фақат бир марта тўлов қилинг бўлди ва шу тўлов квитанцияси ёнингизда бўлсин. 

Ҳар қандай ҳолатда ҳам ушбу тўлов квитанцияси сиз томонингиздан содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жарима тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!