Бухорода Хитойда ишлаб чиқарилган электробуслар ҳаракати йўлга қўйилди

Бухорода Хитойда ишлаб чиқарилган электробуслар ҳаракати йўлга қўйилди

Электробуслар 2,5 соат давомида оладиган тўлиқ қуввати билан 300−350 километр масофани босиб ўтади.

Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Бухоро шаҳрида Хитойда ишлаб чиқарилган электробуслар ҳаракатланишни бошлади.

Маълум қилинишича, мазкур транспортнинг замонавий ташқи ва ички дизайни одатий автобуслардан фарқ қилади. 27 ўриндиқли электробуснинг йўловчиларни ташиш умумий ҳажми 80 кишидан иборат.

Имконияти чекланганлар учун ажратилган махсус ўриндиқлар эса алоҳида ранг ва белгилар билан ажратилган. Ногиронлар чиқиши учун зарур кўтаргичлар ҳам бор. Ички салон видеокузатув камераси, автоматик ҳаво намлигини сақлаш ва иситиш тизими билан жиҳозланган.

Ушбу электробуслар 2,5 соат давомида оладиган тўлиқ қуввати билан 300−350 километр масофани босиб ўтади.

“Заряд 12 фоиз қолганида автобус автоматик тарзда юришдан тўхтайди — шу орқали қувватлантириш зарурлигини билдиради. Унинг аниқ кўрсаткичлари ва бошқа барча маълумотлар эса сенсорли экранда кўриниб туради. Асосийси, электробуслар ҳаракатланиш давомида экологияга мутлақо зарар етказмайди”, — деди вилоят транспорт бошқармаси масъул ходими Умид Баҳронов.

Хитойнинг “Zhongtong Bus Co. Ltd”  компаниясида ишлаб чиқарилган ушбу электробус Бухоро шаҳри кўчаларида бир неча кун давомида тажрибада синаб кўрилади. Ташувчи ва йўловчиларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда ҳар кунлик мониторинг ишлари олиб борилади. Тажрибадан келиб чиқиб, ундан 2022-йил охирига қадар 100 та олиб келиниб, йўналишларга жойлаштирилади.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Мавзу:

#автобус