CBT Javali: тракторсозлар “Жип” ясаганда

CBT Javali: тракторсозлар “Жип” ясаганда

Companhia Brasileira de Tratores (CBT) фирмаси бир замонлар Бразилиянинг қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчи йирик ширкатларидан бири бўлган. Нима бўлди-ю, 80-йилларнинг бошида автомобиль бозорига киришни хоҳлаб қолди.

CBT асли 1959 йилда ташкил этилган. 60-йилларда эса Жанубий Америкадаги йирик тракторсозлардан бирига айланиб улгурган. CBT тракторлари Жанубий Америкадагина эмас, АҚШ, Австралия, Япония ва Африка давлатларида ҳам сотилган. Умуман олганда, тракторсозларнинг омади чопганди.

Аммо 80-йилларнинг бошида савдо сусая бошлагач, фирма бизнесни кенгайтиришга тушди. Қулочни катта отган фирма, даставвал… BQM-1BR ҳайдовчисиз самолётини тайёрлашни режалаштирди. Тўғри, самолёт прототиплигича қолди, чунки қишлоқ хўжалигида орттирилган мавқе билан самолётсозликда зафар қучиш осон эмас. Кейинроқ CBT двигатель ва бошқа қисмлар ишлаб чиқаришдаги тажрибаси билан ўз автомобилини яратиш тўғрисида ўйлаб қолди.

Шундай қилиб, 1989 йилда CBT Javali (“қобон” деб таржима қилинади) универсал йўлтанламаси дунёга келди. Автомобиль қўшимча элементлар ва жиҳозларсиз, аммо кучли ва ишончли чиқди. Биргина сарғиш ранги туфайли маҳаллий фермерлар уни камситувчи ном билан атади.

1994 йилгача уч минг атрофида йўлтанламас ясаб сотилган. Харидорлар орасида Бразилия армияси ҳам бор. “Қобон” тракторсозларнинг маҳсулотилигига тортиб, ҳарбийларнинг кўнглини тополмади ва кўпроқ ишлаб чиқаришга буюртма бўлмади.

1994 йилда “Қобон”ни ишлаб чиқариш тўхтатилди. Companhia Brasileira de Tratores ҳам кўп ўтмай фаолиятини тугатди. 1995 йилда Бразилия ҳукумати мамлакат корхоналарини ҳимоя қилиш дастурига нуқта қўйди ва ички бозорга импортни очиб қўйди. Бир йил давомида рақобатбардош ва замонавийроқ тракторлар бозорни тўлдирди ва CBT синди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"