Fiat ва Chrysler моделлари Google автопилотлари билан таъминланади

Fiat ва Chrysler моделлари Google автопилотлари билан таъминланади

Fiat Chrysler Automobiles алянси Google корпорацияси билан ҳамкорлик шартномасини имзолашга яқин турибди. Томонлар 2013 йилдаёқ бошланган музокараларнинг якунловчи босқичида турибди. Бу ҳақда Bloomberg вазиятдан бохабар ахборот манбасига таяниб хабар қилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, “Фиат” ва “Крайслер” “Гугл”нинг машиналарни автоном бошқариш тизими соҳасидаги ишланмаларидан фойдалана олади. Google автопилотлари Италия-Америка альянси моделларида, биринчи навбатда Chrysler Pacifica минивэнида қўлланилади. Компанияларнинг шерикчилик келишувининг батафсил шартлари ҳозирча эълон қилингани йўқ.

Бундан аввалроқ Google худди шундай музокараларни General Motors концерни билан ҳам олиб борган эди. Бироқ томонларнинг автопилотлар электроникаси ишлаш жараёнида тўплаган маълумотлар кимга тегишли бўлиши бўйича бир тўхтамга кела олмагани сабабли шартнома амалга ошмади.

Бундан ташқари ўтган йили Ford ва Google компаниялари ҳайдовчисиз бошқариладиган тизимга эга автоуловларни яратиш ва ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликдаги корхонани ташкил этиши ҳақида эълон қилинган эди.

Google корпорацияси етти йилдан буён автопилотлар устида иш олиб бормоқда. Фирма айни пайтда 50 дан зиёдроқ машинани синовдан ўтказмоқда. Улар жами бўлиб қарийб 2 миллион километр масофани ҳайдовчи иштирокисиз босиб ўтди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!