Ҳайдовчисиз автомобиллар даромадимизни оширади

Ҳайдовчисиз автомобиллар даромадимизни оширади

Олимларнинг аниқлашига қараганда ҳайдовчисиз автомобиллар фаровонликни ошириш билан бирга иқтисодий жиҳатдан ҳам самарали бўлади.

Ҳаттоки, ривожланган мамлакатлар аҳолиси ҳам автоном автомобилларга шубҳа ва чўчиш билан қарайди. Аммо Буюк Британиянинг автомобиль ишлаб чиқарувчилар ва автодилерлар Жамияти (SMMT) ўтказган тадқиқот шубҳаланишга асос йўқлигини кўрсатди.

Тадқиқот доирасида 3400дан ортиқ автомобилчининг ҳайдовчисиз машинага муносабати сўралди. Иштирокчиларнинг кўпчилиги автоном транспорт воситаси турмушни яхшилаши ҳақидаги фикрга қўшилди. Умумий ҳисобда 57 фоиз ҳайдовчи бу фикрни маъқуллаган бўлса, ёшлар орасида бу кўрсаткич 71 фоизгача чиқди.

Респондентлар ҳайдовчисиз автомобилнинг ижобий тарафларини санаб ўтди. Ҳайдаш вақтидаги ҳаяжоннинг камайиши, узоқ сафар мобайнида ҳордиқ чиқариш имконияти, ЙТҲларнинг камайиши, суғурта нархининг пастлаши, шунингдек, исталган вақтда йўлга тушиш мумкинлиги автоном автомобилларнинг афзал жиҳатларидир.

Бундан ташқари ҳайдовчисиз автомобиллар иқтисодий ўсишга туртки бериши маълум бўлди. Қандай қилиб дейсизми?

Ёшлар учун транспорт нархи аҳамиятлилиги сир эмас. Сўралганларнинг 43 фоизи жамоат транспорти жуда қимматлигини баён қилган бўлса, бошқа бир қисми автомобиль нархи ошиб кетганлигини билдирган. Энди ҳайдовчисиз автомобилга ўтириб узоқроқ масофага бориш мумкинлигига эътибор берайлик. Қолаверса, у кам ёнилғи сарфлайди. Бундан ташқари, каршеринг хизматидан фойдалансангиз, машинани тасарруф этиш чиқимларидан холи бўласиз. Натижада бу транспортга кам таъминланган фуқаролар ҳам ўтиради. Чекка жойлардаги одамларнинг узоғи яқин бўлиб, ўқиши ва ишлаши осонлашади. Масалан, Британиянинг ўзида автоном автомобиллар бир миллион фуқарога олий маълумот олишда ёрдамлашиши мумкин. Олий маълумотли кишилар кўпроқ маош олади ва бу иқтисодиёт ўсишига олиб келади.

SMMT ҳисоб-китобига биноан, ҳайдовчисиз автомобиллар кўпайиши натижасида 2030 йилга бориб Британия иқтисодиётига 51 млрд фунт (63,7 млрд доллар) қўшилади.

“Ўзаро тармоқ ёрдамида боғланган ҳайдовчисиз автомобилларнинг устунлиги рўй-рост кўриниб турибди. Улар одамларга кўпроқ эркинлик, ижтимоийлашув ва юқори иш ҳақи тақдим этиб, шунингдек, ҳаммабоп хизмати билан турмушни ўзгартиради”, дейди SMMT ижрочи директори Майк Хейвс. У энди мазкур технологияни оммалаштиришга кўмаклашадиган шарт-шароит яратиш муҳимлигини айтиб ўтди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"