Ҳайдовчисиз автомобилларни ер остига киритамизми?

Ҳайдовчисиз автомобилларни ер остига киритамизми?

Автомобилсозлар келажак автопилотли электромобилларники эканлигини ҳамиша таъкидламоқда. Бироқ ҳайдовчисиз машинани батамом хавфсизлаштириш йўлини ҳеч ким айта олгани йўқ. Шу кунларда Лондондаги PLP Architecture компанияси уларнинг қатновини ер остига кўчириш таклифи билан чиқди. Бунинг учун махсус тоннеллар бунёд этилади. Тизим номи Cartube деб номланади. Лойиҳа муаллифлари ерости автотрассалари орқали одамларни кўпроқ ва тезроқ ташиш мумкин, деб ҳисоблайдилар.

Масалан, Лондонда қурилаётган Crossrail тезюрар темир йўли орқали бир соатда 18 минг йўловчига хизмат кўрсатса бўлади. Cartube тоннеллар тизими эса бу фурсатда 40 минг йўловчини ташиши мумкин. Ерости йўл тармоғи Лондоннинг туманлари ва шаҳар четини боғлайди. Махсус қурилган йўлаклар орқали унга ўтилади. Ҳайдовчисиз транспорт ер ости бўйлаб 65 км/соат тезликда юради ва йўловчини исталган жойга элтиб қўяди.

Трафикни худди метрополитен сингари марказлаштирилган назорат тизими бошқаради. Тизимда v2i (vehicle-to-infrastructure) технологияси асосида юрадиган машиналар қўлланиши мумкин. Бу тизимда борт компютерлари йўналиш, йўлдаги тирбандлик, светофор сигнали, тезликни чеклаш каби хабарларни бир-бирига етказиб туради.

PLP Architecture компанияси энди тизимни бошқарувчи дастурий таъминот тузиш учун Google ёки Apple каби сармоячи қидирмоқда. Инвестор топилса, Cartube тизимини беш йилда йўлга қўйиш мумкин, деб ҳисоблайди лойиҳачилар. Унгача ақлли автомобиллар ҳам кўпайиб қолади.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"