Жорий йилда 410 та автобус ва электробус харид қилинади

Жорий йилда 410 та автобус ва электробус харид қилинади

Президент Шавкат Мирзиёев 19 январь куни Тошкент шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.

Тошкент шаҳрида шахсий транспортдан фойдаланиш кўрсатгичи 79 фоизни, жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси эса бор-йўғи 21 фоизни ташкил этмоқда.

Шавкат Мирзиёев ўтган йили 19 октябрда Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, зарур чоралар кўрилишини айтган эди.

Аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини ҳозиргидан 2 баробар ошириш Транспорт вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги олдида турган асосий вазифа сифатида белгиланди. Бунда тизимли ёндашув ва одамлар оғирини енгил қилиш мақсади устувор бўлиши, барча транспорт турлари – йўналишли, темир йўл транспорти ва метро линиялари, велосипед ва пиёдалар ҳаракатига мўлжалланган йўлларнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш ва комплекс ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Ҳудудлардан Тошкент шаҳрига келишдаги асосий йўлларда 10 та замонавий шоҳбекат, йўловчилар жуда кўп бўладиган 6 та метро бекати ёнида автотураргоҳлар барпо этиш бўйича топшириқ берилди.

Жорий йилда “Қўйлиқ-Қипчоқ” ерусти метроси қурилиши ҳам якунланади. Бунинг натижасида енгил автомобилдан фойдаланаётган 70 минг аҳоли учун жамоат транспортида юришга қулай шароит яратилади.

Бундан ташқари, йўловчилар оқимининг келгуси 5 йиллик прогнозидан келиб чиқиб, жамоат транспорти тизимининг иқтисодий-математик моделини яратиш, Транспорт университети илмий салоҳиятини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Тошкент шаҳрида транспортлар сони йилига 15 фоиз ўсиб, кунига 800 минг автомобиль ҳаракатланмоқда. Йўллар пиёда ва велосипедда юриш учун қулай эмас. 500 дан ортиқ катта чорраҳа бўлиб, аксариятининг ўтказувчанлик даражаси паст. Буларнинг ҳамда ҳаракатланиш маданияти пастлиги оқибатида йўл-транспорт ҳодисалари кўп содир бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари йўл ҳаракатини тўғри ташкил этиш орқали мазкур чорраҳаларда ўтказувчанлик ва қулайликни ошириш кераклигини таъкидлади. Бу йил 200 та чорраҳада ҳаракатни транспорт оқимига қараб бошқариш тизими жорий этилиши, 180 километр пиёда ва велосипед йўлаклари қурилиши, 2 минг автомобилга мўлжалланган тўхташ жойлари ташкил этилиши белгиланди.

Шунингдек, жорий йилда автобус паркининг 35 фоизи янгиланади.

Бунинг учун 410 та автобус ва электробус харид қилиниб, катта сиғимли автобуслар сони 2 баробар оширилади. Шунингдек, шаҳарда электромобиллар сони кўпайиб бораётганини ҳисобга олиб, улар учун қувватлаш станцияларини ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Мавзу:

#автобус