Мактабга яқин йўлларда ППХ нарядлари пайдо бўлади

Мактабга яқин йўлларда ППХ нарядлари пайдо бўлади

Вазирлар Маҳкамасининг 30.08.2018 йилдаги 701-сон қарори билан йўл ҳаракати хавфсизлиги кунини ўтказиш ва ЙТҲ профилактикасининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари қабул қилинди.  

Ҳафтанинг ҳар жума куни «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғибот куни» деб эълон қилинади, деб ёзмоқда Norma

Ушбу кунда қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:   

• ЙТҲ энг кўп содир этиладиган ҳудудларда фуқаролик жамияти институтларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини жалб этган ҳолда, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш;
• кенг жамоатчилик иштирокида ЙТҲ, шунингдек уларнинг содир этилиши сабаблари ва бунга имконият яратаётган шарт-шароитлар, уларни бартараф этиш борасида кўрилаётган чораларни танқидий муҳокама қилиш;
• республика ва маҳаллий теле- ва радиоканалларда пиёдалар ва ҳайдовчиларнинг айби билан юз берган ЙТҲ; ЙҲҚга риоя қилмаслик оқибатлари ва йўл ҳаракати иштирокчиларининг жавобгарликлари ёритиб бориладиган махсус телекўрсатув ва радиоэшиттиришларни ташкил этиш;
• йўл ҳаракати иштирокчилари ўртасида ЙҲҚга риоя қилиш маданиятини шакллантириш;
• йўл ҳаракати хавфсизлиги ва ЙТҲ профилактикаси масалалари бўйича мақолалар, шарҳлар ва бошқа материалларни ОАВда, шу жумладан Интернетда чоп этиш.
 
Ушбу кунни ўтказиш тартиби ва ташкилий жиҳатлари дастурда ва схемада акс эттирилган. Амалга ошириладиган тадбирларни назорат қилиш ва мониторингини олиб бориш Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясига топширилди.
 
Ҳар ойнинг учинчи жума кунида республиканинг барча минтақаларида «Автомобилсиз кун» акцияси ўтказилиши йўлга қўйилади. Бу тадбир экологик ҳолатни яхшилашга, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишга, автомобилсиз ҳаракатланиш мумкинлиги ва зарурлигини намойиш қилишга қаратилади. Шу муносабат билан бу ишлар юзасидан тарғибот-ташвиқот чора-тадбирлари, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар ташкил этилади.

Болалар боғчаларида йўлларда, чорраҳаларда ва пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланиш асослари ўқитилади. Умумтаълим мактабларида йўл ҳаракати қоидалари, ёнғинларнинг олдини олиш, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш бўйича ўқув дастурларини ўз ичига олган «Ҳаётий фаолият хавфсизлиги» мажбурий фани жорий этилади. Ўқув дастурлари 3 ойлик муддатда ишлаб чиқилади. 

ИИВ томонидан ҳар ҳафтанинг жума кунида ЙҲҚни қўпол равишда бузиб келаётган ҳайдовчи ва пиёдаларни аниқлаш мақсадида рейдлар ташкил этилади. Шунингдек техник носоз транспорт воситаларини аниқлаш бўйича рейдлар ўтказилади.

Ўқув йили давомида мактабга туташ ва яқин бўлган йўлларга йўл-патруль ва патруль-пост хизматлари жойлаштирилади. Бу чора-тадбирлар мактаб ўқувчилари иштирокидаги ЙТҲнинг олдини олишга қаратилади.
 
Бундан ташқари, мактаб ўқувчиларининг йўлларни кесиб ўтишда хавфсизлигини таъминлаш мақсадида «Маҳалла посбони», ҳарбий чақирувга тайёрлаш фани ўқитувчилари ва Ёшлар иттифоқининг етакчиларидан йўл ҳаракати жамоатчи навбатчиси фаолияти йўлга қўйилади.  
 
Йўлларга яқин жойлашган мактаблар ўқувчиларни ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар олиб келиши ва олиб кетишини таъминлаши лозим.
 
Ҳужжат 30.08.2018 йилдан кучга кирди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.