Mini компанияси энг кучли кабриолетни намойиш қилди

Mini компанияси энг кучли кабриолетни намойиш қилди

Mini компанияси John Cooper Works кабриолетининг жиҳозланган версиясини расман тақдим этди. Фаралари Матизникига ўхшаш ва томсиз бу автомобилга Mini John Cooper Works хэтчбекининг мотори ўрнатилган.

Икки литрли тўрт цилиндрли мотор 231 от кучига эга бўлиб, айлантириш моменти 320 Н∙м. Олти поғонали трансмиссия билан ишловчи двигатель 6,6 сонияда 100 км/соат тезликка эришади. Энг юқори тезлиги 242 км/соат. Автомобилда 6 поғонали Steptronic автомат ўрнатилган тақдирда юз тезликка эришиш вақти 0,1 сонияга қисқаради, максимал тезлик эса 240 км/соатга тушади.

Mini JCW кабриолетини автомобилнинг одатий версиясидан ажратиб турадиган жиҳатлари: ҳавотўсқичи катта тажовузкор бампери, радиаторнинг бошқачароқ панжараси, диод чироқли фаралари, спорт автомобилига хос газ чиқариш тизими ва енгил қотишмадан ишланган 17 дюймли ғилдирак дискаларидир. Шунингдек, автомобиль осмаси (подвеска) спорт услубида ишланган.

Учқур кабриолетимиз шу йилнинг апрелидан бошлаб АҚШда савдога чиқиши кутилмоқда. Нархи 35600 долларни ташкил этади.

Mini Британиянинг автомобилсозлик компанияси бўлиб, асосан, двигатель ҳажми кичик бўлган автомобиллар ишлаб чиқаради.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"