Озарбойжонда "UzAuto Motors" машиналарини йиғиш йўлга қўйилади

Озарбойжонда

2021 йил 17 центябрда Ҳажигабул шаҳрида (Озарбайжон) "UzAuto Motors" АЖ ва "SamAuto" заводи ишлаб чиқариш линиясининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди."General Motors" билан ўзаро келишувга эришилгач, "UzAuto Motors" Chevrolet автомобилларини Озарбайжонда сотишни бошлаши ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда "UzAuto" хабар берди.

Озарбайжон тарафдан ишлаб чиқариш бўйича ҳамкор сифатида Боку шаҳри яқинида жойлашган Ҳажигабул саноат квартали  таркибига кирувчи "Азермаш СР" иштирок этди. Томонлар ўртасида 2021 йил 21 июлда имзоланган келишув шарофати билан лойиҳани амалга ошириш учун имконият яратилди. Жорий йилнинг апрель ойида Ҳажигабул саноат кварталининг очилиш маросимида Озарбайжон Президенти Илҳом Ҳайдарович Алиев лойиҳага старт берувчи рамзий тугмани босди. Озарбайжон Президенти ўз  қутлов нутқида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг муҳимлигини, икки халқнинг маданий ва лингвистик жиҳатлари  муштарак эканлигини қайд этди.  Қардош давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичи 2019 йил октябрь ойида, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирамонович Мирзиёев мамлакатимизнинг Туркий кенгашга тўлақонли қўшилишини расмийлаштириш учун Бокуга расмий ташриф билан келганида эълон қилинди.

"Азермаш СР" заводида ишлаб чиқариш линиясининг тантанали ишга туширилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Қўчқоров онлайн тарзда тантанали нутқ сўзлади. Ўзбекистон делегациясига "Ўзавтосаноат" АЖ бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов бошчилик қилди. Озарбайжон тарафдан, тадбирда Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазири Микайил Жабборов иштирок этди.Ҳамкорликнинг дастлабки босқичида «Азермаш СР»нинг ишлаб чиқариш қувватларида Chevrolet Nexia, Chevrolet Cobalt, иккинчи босқичда Chevrolet Damas ва Chevrolet Labo автомобилларини жами 5000 донагача, SamAuto автобусларини эса йилига 1000 донагача миқдорда ишлаб чиқариш ва сотиш режалаштирилган. Эслатиб ўтамиз, 2020 йил март ойида Қозоғистонда Чевролет автомобилларини ишлаб чиқариш бошланган эди. Қозоғистонда "SamAuto" автобусларини ишлаб чиқариш жорий йилнинг май ойида йўлга қўйилди. Бундан ташқари, Chevrolet автомобилларини Тожикистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Мавзу:

#UzAutoTrailer