Ўзбекистонда одамни юзидан таниб олувчи камерали сунъий интеллект тизими ишга туширилади

Ўзбекистонда одамни юзидан таниб олувчи камерали сунъий интеллект тизими ишга туширилади

Сенат раиси Танзила Норбоева ички ишлар органлари ходимларига юзни таниб олиш ва бармоқ изини аниқлаш дастурига эга планшетлар берилаётганини қўллаб-қувватлади. “Ушбу тизим жиноятчи, қочоқ, бедарак йўқолган шахсларни топишда қўл келиши бутун дунёда исботини топган”, деди у.

28 феврал куни Олий Мажлис Сенатининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссиясининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат раиси Танзила Норбоева одамларни таниб олувчи технологиянинг жорий этилиши ҳақида фикр билдирди.

Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда.

Мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда бундай технологиялардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилмоқда. Хусусан, кўпчилик ичидан одамларни таниб олувчи махсус камералар билан жиҳозланган автобуслар олиб келинмоқда. Шунингдек, ички ишлар органлари ходимларига юзни таниб олиш ва бармоқ изини аниқлаш дастурига эга бўлган планшетлар берилмоқда.

Ҳақиқатан, ушбу тизим жиноятчи, қочоқ, бедарак йўқолган шахсларни топишда қўл келиши бутун дунёда исботини топган. Шу мақсадда Ички ишлар вазирлиги томонидан биометрик маълумотларга асосланган юзни аниқлаш ва назорат қилишни кучайтириш лойиҳаси ишлаб чиқилган”, – дейди Танзила Норбоева.

Йиғилишда мазкур лойиҳани ИИВ Киберхавфсизлик маркази бош мутахассиси Муҳсинжон Султонов тақдимот қилди. Унинг айтишича, тизим сунъий интеллект асосида ишлайди. У дастлаб фото-видео маълумотларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилади ва шахс юзини ажратиб олади. Ажратиб олинган юз тасвирини биометрик маълумотлар базасидаги шахсларнинг тасвирлари билан таққослайди. Таҳлил натижаларини маълумотлар базасига қайд этади.

Тизим маълумотлар базаси қуйидагилардан ташкил топади:

  • видеокузатув камералари тасвирлари;
  • ижтимоий тармоқлардаги фото-видеолавҳалар;
  • бодикамералардаги видеотасвирлар;
  • мобил телефонлардаги фото-видеотасвирлар.

Биометрик маълумотларга асосланган юзни аниқлаш ва назорат қилиш комплекс тизими ўз ичига 7та дастурни қамраб олади:

  1. шахс юзини таниб олиш.
  2. карантин қоидаларини назорат қилиш;
  3. оммавий тартибсизликлар ташкилотчилари;
  4. ҳуқуқбузарликларни аниқлаш дастури;
  5. сохта юз тасвирини аниқлаш;
  6. профайлинг таҳлил;
  7. ижтимоий муҳандислик ёрдамида шахснинг психологик портретини шакллантириш.

Муҳсинжон Султоновга кўра, шахснинг психологик портретини шакллантириш – ўз жонига қасд қилиш, турли жиноятлар содир этишга қўл урмоқчи бўлган шахсларни юз ифодасидан ажратиб олиб, бундай ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Сенат раиси вазирлик ва идораларнинг бу каби таклифларини кўриб чиқишга доимо тайёрлигини билдириб, бундай тақдимотлар вазирлик ва идоралар фаолиятида очиқлик ва шаффофлик принципларини таъминлашда муҳим қадамлардан бири бўлишини таъкидлади.

“Жамоатчилик жалб этилаётган хорижий инвестициялар қандай мақсадларга ишлатилаётганлигидан хабардор бўлиши ва асосийси, уларнинг натижаларини ўз ҳаётида ҳис қилиши лозим. Шунинг учун масалага жиддий ёндашиш талаб этилади.

Шундай экан, комиссиянинг барча аъзоларидан қарорда ҳамда “йўл хариталари”да белгиланган вазифаларга жиддий ва чуқур масъулият билан ёндашишларини, икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш ҳамда инвестицияларни жалб қилишда янги ташаббуслар кўрсатишларини сўраймиз”, – деди Сенат раиси мажлис сўнгида.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!