Ўзнефтмаҳсулот: Тошкентда бензин тақчиллиги мавжуд эмас
Тошкент шаҳрида автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари олдида кузатилаётган навбатлар, пойтахтимизда бензин тақчиллиги юзага келгани тўғрисидаги хабарлар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётган бир вақтда “Ўзнефтмаҳсулот” АК Тошкентда бензин тақчиллиги мавжуд эмаслигини яна бир бор маълум қилди, деб хабар беради «Kun.uz».
Шу муносабат билан истеъмолчиларга мурожаат қилган компания раҳбарияти Тошкент шаҳри ва жойларда сайёр гуруҳлар тузилиб, улар кечаю-кундуз назорат ва таҳлил ишлари олиб боришаётганини маълум қилди. Компания таҳлилларига кўра, “бундай ҳолатга айрим шов-шув ишқибозлариларининг “Ёнилғи ишлаб чиқариш камайиб кетганлиги сабабли, автобензин тақчиллиги юзага келиб, унинг нархи ошиб кетар экан”, “Бозорга чиқариладиган автобензиннинг лимити тугапти” – деган уйдирмаларига ишонган баъзи ҳамюртларимизнинг автобензинни мумкин қадар кўпроқ захира қилиб олишга ҳаракат қилаётганлиги ва мазкур вазиятдан фойдаланиш илинжида бўлган нопок кимсаларнинг чайқовчилик йўлига ўтаётганлиги ҳам сабаб бўлмоқда”.
“Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси Сизларни тўлиқ ишонтириб таъкидлайдики, мамлакатимизда автобензин ва бошқа ЁММлар таъминоти бўйича муаммо йўқ, бўлмайди ҳам. Чунки, Республикамизда жаҳон стандартларига жавоб берадиган барча ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари етарли миқдорда ишлаб чиқарилмоқда. Нефть хомашёси нафақат мамлакатимиз ички эҳтиёжини қондириш учун, балки муайян миқдордаги ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини экспорт қилиш учун ҳам етарли миқдорда қазиб чиқарилиб, қайта ишланмоқда”, — дейилади хабарда.
Компания раҳбариятининг худди шу матнни ўз ичига олган аввалги мурожаатига қўшимча равишда, ҳайдовчилардан автомобилига ёнилғи қуйиш жараёнида ён-атрофдаги истеъмолчилар, шунингдек, ёнилғи қуювчиларнинг нопок ҳаракатлари ҳамда ташмачилик ва чайқовчилик илинжида амалга оширилаётган хатти-ҳаракатларни сезгудек бўлса ўша жойдаги компания вакилларига, назорат органларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўздавнефтгазинспекция”нинг ((0371) 268-04-50) ва компаниянинг ((0371) 231-14-21) ишонч телефонларига маълум қилишини сўраган.
“Сизларни яна бир бор ёнилғи таъминотида узилиш бўлмаслигига ишонтирамиз ва Сизлардан турли шов-шувларга инонмасликни ва огоҳ бўлишни сўраймиз”, дея мурожаатга якун ясалади.