Пиёдалар ўтиш йўлаги йўл-йўл бўлиши шартми?

Пиёдалар ўтиш йўлаги йўл-йўл бўлиши шартми?

Умуман олганда пиёдалар йўлаги қандай бўлиши керак? Пиёдалар ўтиш йўлаги қанчалар ёрқин ва диққатни ўзига жалб қиладиган бўлса, шунча хавфсиз ҳам бўлади. Ўтаётганда пиёдаларнинг кайфияти кўтарилади, ҳайдовчилар эса эътиборлироқ бўлади.

Венесуэлалик рассом Карлок Крус-Диес пиёдалар йўлаги фақатгина оқ-қора тусда бўлиши керак эмас, деб ҳисоблайди. Карлок Крус-Диес асосий вақтини оптик иллюзиялар яратишга сарфлайди. Унинг фикрича, ҳайдовчилар йўл-йўл тусдаги оддий пиёдалар йўлагига, айниқса, табиат оқ ва қора ранглардангина иборат бўладиган қиш фаслида етарли эътибор қаратишмайди. Шу сабабли Карлос Крус-Диес турфа ранглардан фойдаланишни маъқул кўради. Рассом дунёнинг кўплаб шаҳарларида ўз пиёдалар йўлакчасини чизган.

Бизда ҳам худди шундай пиёдалар йўлаклари бўлишини истармидингиз?

Шунингдек диққатни яхши жалб қилувчи пиёдалар йўлаги сифатида 3D йўлакларни мисол қилиш мумкин. Бундай йўлакларга яқинлашиб келаётган ҳайдовчи беихтиёр тормозни босади. 3D йўлакларни дунёнинг кўплаб шаҳарларида учратиш мумкин. Бироқ бундай йўлаклар ҳар доим ҳам кутилган натижани бермайди. Германиянинг Spiegel нашрининг ёзишича, бунақа пиёдалар йўлаклари катта тезликда ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчиларнинг эътиборини жалб этишда фойда бермайди. Шунингдек, ёмғирли ҳавода ва қоронғида 3D йўлаклар кўринмайди.

Биз кўришга одатланган оддий йўл-йўл йўлакларни қизиқарли суратлар билан безаш мумкин. Бу аввало пиёдаларнинг кайфиятини кўтаради ва ҳайдовчиларнинг ҳам диққатини жалб қилиб, тезликни пастлатишларига сабаб бўлади. Балтимордаги мана бу йўлакларни айнан шу турга мисол қилишимиз мумкин.

Пиёдалар йўлагидан реклама сифатида фойдаланиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Оддий, содда, тушунарли ва энг асосийси, ортиқча харажат талаб этмайди.

Йўловчиларнинг диққатини жалб этишнинг яна бир услуби - йўлакка бу ҳақида ёзиш: “Чапга қара, ўнгга қара.” Аслида арзимаган нарсадай туюлса-да, бу ўз фойдасини бериши мумкин.

Биз сизларга шунчаки ранглар орқали диққатни ўзига жалб этувчи пиёдалар йўлаклари ҳақида сўзладик. Бундай йўлакларни тайёрлаш катта маблағ талаб этмайди.

Пиёдалар йўлакларини хавфсизлигини оширишнинг бошқа услублари ҳам йўқ эмас. Масалан: қўшимча ёруғлик, ўтиш йўлакларини бир оз баландроқ қилиш, хавфсизлик оролчалари ва бошқаларни бунга мисол қилиш мумкин.

Баҳром Аббосов

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"