Ravon R2 Chevrolet Spark’дан нимаси билан фарқланади?

Ravon R2 Chevrolet Spark’дан нимаси билан фарқланади?

Шу йилнинг 10 апрелидан Россияда Ravon R2 савдолари расман бошланади. Қайд этиш жоизки, ушбу моделнинг илк партияси Россия дилерлик марказларига етиб келмасданоқ, сотиб бўлингани тўғрисида хабар қилинган эди.

Март ойи охирида, «Зарулем.рф» интернет нашри ходимлари, GM-Uzbekistan’нинг Асакадаги заводида бўлиб, янги моделнинг фарқли жиҳатлари билан танишишган.

«Зарулем.рф» мухбири Вадим Крючковнинг таъкидлашича, илк автомобиль ишлаб чиқарилганига 20 йил тўлган бўлса-да, заводнинг кўриниши янгидек тасаввур уйғотади. Komatsu пресслаш ускуналари ўрнатилган цех, иккита пайвандлаш цехи, замонавий бўёқ сепиш линияси, иккита конвейер, заводнинг йирик ишлаб чиқариш мажмуаси эканини кўрсатади. R2 эса, Gentra ва Matizлар орасида навбати билан оқиб келади, деб ёзади мухбир.

«Бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш қамрови нақадар катталигини суратдан билиб олса бўлади. Давлат байроғи қўйилган бутловчи қисмларнинг барчаси Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган», –дея ҳикоя қилади Крючков.

Ravon R2, Chevrolet Spark’дан биринчи навбатда двигатели билан фарқ қилади. Эндиликда, 4 босқичли автоматик узатмалар қутиси билан бирга, 1 литрли эмас, балки Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган 1,249 литр ҳажмли, 85,5 от кучига эга, 16 клапан, 4 цилиндрли S-TEC II двигатели ўрнатилган. Ушбу моторлар Евро-5 талабларига жавоб бериши баробарида, ёмон шароитларда ишончли эканини кўрсатишга улгурган.

Ташқи жиҳатдан R2 Spark’дан олд бампери ва радиатор қафаси билан фарқланади. Салондаги ўзгаришларга келсак, ундаги ускуналар жойлашувини унчалик ҳам ёшларга мос, деб бўлмайди. Уларнинг жойлашуви, авваллари фақат Америка бозори учун чиқарилган автомобиллар панелларини ёдга солади, дейди «Зарулем.рф» мухбири.

Ravon R2 , нафақат ўз аждоди кўрсаткичларини янгилаш, балки Kia Picantoни ортда қолдириш учун ҳам барча имкониятга эга. Сифатли, замонавий жиҳозлар, юриш қисми талаб даражасида, худди шундай автоматик узатмалар қурилмаси ва шундай ҳажмдаги мотор ўрнатилган Picanto нархидан деярли 2 марта арзон. Умуман, қуйидаги жадвалда унинг афзалликларини рақамларда кўриш мумкин. Хуллас, R2 — автоматик узатмали энг чўнтакбоп автомобиль, фақатгина ўз синфида эмас, балки бозорда ҳам, деб хулоса қилади Вадим Крючков. У 100 километр масофага шаҳар ичида 8,2 литргача ёқилғи сарфлайди.

Манба: Kun.uz

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.