Швейцариялик мотоциклчи ер юзини 119 кунда айланиб чиқди

Швейцариялик мотоциклчи ер юзини 119 кунда айланиб чиқди

Гризли (қўнғир айиқ) номини олган машҳур саёҳатчи Урс Педрайта Victory Cross Country русумли мотоциклида ер юзининг аҳоли яшовчи барча қитъасини 119 кун 21 соатда айланиб чиқиб аввалги рекордни янгилади. Олдинги рекордчи Ник Сандерс ер юзини айланишга 120 куну 2 соат сарфлаган. Айтиб ўтиш керакки, Сандерс мотоциклида қитъадан қитъага ўтиш вақтини чиқариб ташлаган, Урс Педрайта эса ўтиш вақтини ҳам саёҳат муддатига қўшди.

Рекордчи саёҳат давомида “қўл қовуштириб ўтириб ўтказадиган вақтини ҳам умумий вақтга қўшиш адолатлироқ бўлиши”ни айтиб ўтди. “Бундай саёҳатда тўхталишга ўрин йўқ”, деди Педрайта.

Урс Педрайтанинг мотосафари 12 март куни Флорида штатидан бошланди. У жануби-ғарбга йўл олди. Йўлак каби узун давлат Чили чегарачиларининг сустлиги туфайли тарвузи қўлтиғидан тушганча Австралияга отланди ва бир ҳафтага бормай яшил қитъани ҳам кезиб чиқди.

Сўнг самолётда Африкага етиб олди, қора қитъанинг жанубидан кириб шимолидан чиққан мотоциклчи Мисрдан Европага ўтди. “Қўнғир айиқ” Россиянинг Санкт-Петербург, Москва, Новосибирск, Чита ва Владивостокигача бориб, жануби-шарқий Осиёни кўрди. Кейин Сингапурдан яна Аляскага учди.

Мотоциклчи йўлининг 1400 кмли бир қисмини атиги 9 кунда босиб ўтди. Рекордчининг умумий босиб ўтган йўли 80 минг кмни ташкил қилади. Айтганча, Жюль Верн қаҳрамони капитан Немо ҳам сув остида худди шунча йўл босиб ўтган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"