Skoda илк йўлтанламаси прототипи ҳақидаги маълумотларни сир тутишдан “чарчади”

Skoda илк йўлтанламаси прототипи ҳақидаги маълумотларни сир тутишдан “чарчади”

Skoda компанияси VisionS деб номланган илк йўлтанламас прототипига оид маълумотларни ошкор қилди. Серияли равишда ишлаб чиқариладиган автомобиль эса Kodiak номини олади. Ушбу автомобиль чех автобелгиси остида чиқариладиган бўлғуси машиналар дизайнини ўзида намоён этган.

Айтиш жоизки, VisionS дизайни ХХ аср бошларидаги чех архитектураси услубини мужассамлаштирган. Унинг олд ва орқа бампери, шунингдек, орқа чироқларида бир қатор “биллур” унсурлар мавжуд.

Автомобиль узунлиги 4700 миллиметрни ташкил этса, кенглиги 1910 миллиметр, баландлиги эса 2790 миллиметрга тенг. Концепт Volkswagen MQB модуль платформаси асосида яратилган бўлиб, салонига уч қатор ўриндиқлар жойлаштирилган.

Прототип ҳаракатини 156 от кучига эга 1,4 литрли бензинли двигатель ҳамда олд ғилдирак ўқидаги 54, орқа ғилдираклар ўқидаги 115 от кучини ўзида мужассамлаштирган электромотор ва литий-ионли батареялардан иборат гибрид қувват қурилмаси таъминлайди. Шундай қилиб, агрегатларнинг умумий кучи 325 от кучига етади. Тезлик узатмалар қутиси вазифасини эса олти босқичли DSG “робот” бажаради.

Қурама тартибда машина 1000 километргача масафани тўхтовсиз босиб ўта олади. Ёнилғи сарфи эса 100 километр учун 1,9 литрни ташкил этади. Турган жойидан 100 километр/соат тезликка чиқиши учун машина 7,4 сония сарфлайди. Унинг энг юқори тезлиги соатига 200 километрдан иборат.

Skoda VisionS`нинг оммавий намойиши март ойида бўлиб ўтадиган Женева автосалонида ташкиллаштирилади. Туркум ишлаб чиқариладиган Kodiak тафсилотлари эса ёзда ошкор этилиб, кузда ўтказиладиган Париж автосалонида намойишга қўйилади.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.