Тажрибасиз ҳайдовчининг йўлдаги ўн хатоси

Тажрибасиз ҳайдовчининг йўлдаги ўн хатоси

“Ў” ҳарфи ва ундов белгисини кўрмасданоқ рулда тажрибасиз ҳайдовчи ўтирганини пайқаш мумкин. Янги ҳайдовчилар жуда оддий, бир хил хатоларга йўл қўйишади. Хатоларни такрорламаслик учун ўз-ўзига четдан боқиб, сабабини излаб кўриш керак, токи бошқа қайтарилмасин. Қуйида тажрибасиз ҳайдовчилар энг кўп содир қиладиган хатоларини санаб ўтамиз.

  1. Йўл чеккасига ёпишиб юриш. Қаршидан келаётган машина билан тўқнашиб кетиш хавфи ҳамиша тажрибасиз ҳайдовчини таъқиб қилади. Аммо йўл ёқасига ёпишиб юрса, баллонга мих ёки синган шиша кириб кетиб чўнтакдан анча маблағни олиб чиқиб кетади.
  2. Йўл белгиларига қарашга улгурмайди. Автомобилни бошқаришга берилиб кетганидан, кўпинча йўл белгилари эътибордан четда қолиб кетади. Бунинг оқибати ҳақида огоҳлантиришнинг ўзи ортиқча.
  3. Мусиқа ёки радиони ёқиб қўяди. Мусиқа тинглаш кимга ёқмайди? Аммо ҳайдашни ўрганиш вақтида бу чалғитади. Айниқса, баланд овозда мусиқа қўймаслик керак, акс ҳолда йўлдаги ҳайдовчиларнинг огоҳлантирувчи сигналини эшитмай қолиш мумкин.
  4. Тезлиги бир текисда эмас. Кимдир хавотирда жуда секин ҳайдайди, бошқа биров эса газ босишга зўр беради. Ўрганувчи ўртача тезликда бир текис ҳайдагани маъқул.
  5. Кўзгуга қарамайди. Йўлда фақат олдинга эмас, ён ва орқа томонга ҳам қараб юриш керак. Бунинг учун ён кўзгу ва орқани кўрсатувчи кўзгулар бор. Ҳар қандай манёврни тўлиқ хавфсиз амалга ошириш учун атрофни назоратда тутиш лозим.
  6. Оралиқ масофани сақламайди. Айниқса, йўлдаги зич машиналар оқимида масофани сақлаш жуда муҳим, чунки тез келаётганда олдиндаги машинага етмасдан тормоз босишга улгурмай қолиши мумкин.
  7. Уловчи механизмни (сцепление) тўғри босишни билмайди. Тўғри, “автомат коробка”га ўрганиш осон, аммо механик тизимга ҳам тезгина ўрганса бўлади. Энг муҳими тепкини бир текисда босишдир. Кескин босса, нафақат, машина ўчиб қолади, балки уловчи механизм ейилиб кетади.
  8. Ўта кескин тормоз бериш. Бунда машина қўққисдан кутилмаган жойда тўхтайди. Қолаверса, замонавий автомобиллар тормоз тепкиси ўта сезгир бўлиб, куч билан босишнинг зарурияти йўқ.
  9. Об-ҳаво шароитини эътиборга олмаслик. Лойгарчилик ёки музламада янги ҳайдовчи тамом гангиб қолади. Бундай пайтда назарияни унутмасдан, тормозланиш йўли узоқроқ бўлиши ва машина “итоаткор” бўлмаслигини ёдда тутилади.
  10. Тезлик ва оралиқ масофани ҳис қилмайди. Бошловчи ҳайдовчи қаршидан келаётган ёки параллел кетаётган автомобиль билан орасидаги масофа ва унинг тезлигини чамалашда қийналади. Аммо бу кўрсаткичларни қувиб ўтиш манёврида эътиборда тутиш шарт.
Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"