Tesla автопилот функциясини бепул синаб кўришни таклиф этмоқда

Tesla автопилот функциясини бепул синаб кўришни таклиф этмоқда

Tesla компанияси электромобилларини харид қилган мижозларига тўлиқ бир ой давомида автомобилни ҳайдовчисиз бошқариш технологиясидан бепул фойдаланиб кўришни таклиф этмоқда. Шу каби мазмундаги таклифларни Model S седанлари эгалари олишни бошлади.

2014 йил охиридан буён ишлаб чиқарилаётган барча Model S машиналари, шунингдек, Model X кроссоверларида ҳайдовчисиз бошқарув воситаларининг ишлаши учун зарур бўлган борт технологиялари мавжуд. Бироқ дастурий таъминот қўшимча созалмаларни талаб қилади. Бу эса фойдаланувчиларга автомобилга буюртма беришда 2500 доллар, машинани сотиб олгандан кейин дастурий таъминотни янгиламоқчи бўлганларга 3000 долларга тушади.

Кўрсатиб ўтилган маблағни сарфлагандан сўнг ҳайдовчисиз бошқарув тизимининг мукаммал ишлашига шубҳа билан қараганларга эса Tesla дастлаб ундан бепул фойдаланиб кўришни таклиф этмоқда. Комплекс электрокарларга тезликни назорат қилган ҳолда йўл бўлаги бўйлаб мустақил ҳаракатланиш, шунингдек, автомобилчи бурилиш кўрсаткичини ёққанида қаторларни алмаштиришга имкон беради. Бундан ташқари, тўлиқ автомат тарзда параллел автомобиль қўйиш (парковка) функцияси жорий этилган бўлса, Summon тизими гаражга мустақил кириб-чиқишни таъминлайди.

Бир ойлик синов муддатидан сўнг Tesla автомобили эгаси қарор қабул қилиши мумкин: автопилот унга керакми ёки унингсиз ҳам йўлларда ҳаракатланиш қулайми.

Шу билан бирга, Tesla Model 3 автомобилларига берилган буюртмаларнинг тахминий миқдори 400 мингтадан ошиб кетгани хабар қилинмоқда. Эслатиб ўтамиз, бундай машиналар буюртмачиларга тахминан 35 минг доллардан тушади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!