“Тесла” мутахассисининг ҳикояси

“Тесла” мутахассисининг ҳикояси

Узоқдан разм солсак, “Тесла” электромобиль ишлаб чиқариш бўйича дунё пешқадами, шиддат билан тараққий этаётган концерн, замонави технологиялар уяси… Аммо биз компаниянинг ичидан назар солганмизми? Уни ўзимиз фаолият юритадиган корхонага таққослаб кўрганмизми? Иш юритиш тартиби ва бошқарув структураси қандай?

Бу галги мақоламиз ана шундай саволларга жавоб беради. Мақолада украиналик инженер-электрик, етук мутахассис Алексей Ильяшов хорижда ишлаши мобайнида“Тесла” компаниясига ўтгани ва у ердаги фаолияти тўғрисида ҳикоя қилади.

Теслага қандай келиб қолдим?

2014 йилда менинг Nanosolarдаги собиқ раҳбарим Teslaга ишга таклиф қилди. Бу вақтда у “Тесла”да ишлаётганди. Менинг микросхема ва чиплар ишлаб чиқарувчи Maxim Integrated фирмасидаги ишим қониқтираётган, “Тесла”ни эса йилига бор-йўғи 12 мингта автомобиль ишлаб чиқарадиган қандайдир ночоргина компания деб билардим. Мен шу ерлик тажрибали оғайниларимдан суриштирдим, уларнинг ҳаммаси ишончсизлик билан “лойиҳа юришиб кетмайди”, қабилида жавоб берди. Шунга қарамай, суҳбатдан ўтдим ва Элон Маскнинг имзоси билан ўша вақтдаги шарт-шароитимдан яхшироқ бўлган офферни олдим (оффер бу “манфаатли таклиф” – таржимон). Оффер билан ўз раҳбариятимга келдим ва келгуси куни менга янги иш ва худди “Тесла”дагидек маош таклиф этишди. Синалганни синалмаганга алмашишдан маъно йўқ эди, шу сабабли қолишга қарор қилдим. Икки ҳафта ўтгач менга “Тесла”дан қўнғироқ қилишди ва “Биз бу ерда ўйлаб кўрдик, сизга юқорироқ лавозим ва кўпроқ маош таклиф этамиз”, дейишди. Мен ишдан бўшашга ариза ёздим ва “Тесла”га ўтдим.

Ишнинг ўзига хослиги

Менинг лавозимим Principal Data Architect, яъни мазмунан техник директор. Менежерим бор, аммо у иерархияга кўра мендан қуйироқ бўлиши керак. У менинг ишимнинг техник қисмига аралашмайди, қарорларимга ишонади, қолаверса, биз бирор-бир қарорни ҳамиша жамоанинг ичида ҳам, жамоалараро ҳам кўриб чиқамиз, аммо бу кўпинча бир қолипга солинмаган. Компания моҳиятан катта стартап саналади ва жуда тез ривожланмоқда. Бу бир тарафдан жуда соз, бироқ салбий жиҳатлари ҳам борлиги шубҳасиз. Тез тайёрлаб, синашга улгурмаса, сифатга путур етади. Компания горизонтал структурали, расмий бўлмаган муносабатлар кўп, қандайдир ташаббус туғилиб, ундан лойиҳа ташкил этилиши, раҳбарият эса бошиданоқ бундан бехабар қолиши мумкин. Бироқ бу ерда доимо мувозанат сақлашга, асосийсига урғу бериб ва раҳбарият билан деталларини келишмасдан қарор қабул қилишга тўғри келади.

Бирор хизмат билан ёки кафега кетаётганимда шошилинч илтимос билан келишса, мен доим айнан нима кераклигини икки оғиз сўз билан ёзиб беришларини сўрайман ва бу ишнинг ярмини қисқартиради. Ресурслар турли лойиҳалар билан банд, қолаверса, уларни тез тақсимлашни уддалаш лозим.

Бундан ташқари, доимо ўқиб-ўрганиш кераклигига диққатингизни қаратмоқчиман, бу муваффақиятли карьера учун нон-сувдек муҳимдир. Tesla барча ходимларига Lynda.com ва Udemy каби ўқув ресурсларини бепул тақдим этган.

“Тесла”да жуда кўп ва ҳар хил технологиялардан фойдаланилади, янада кўпроқ синовлар олиб борилади ва ўрганилади. Бутун фирма бўйича биргина Microsoft ёки Javaдан фойдаланиш ҳолатлари йўқ. Муайян вазифани ҳал этиш учун энг мақбул воситадан фойдаланиш эркинлиги мавжуд. Шунингдек, биз опенсорс-маҳсулотларни афзал санаймиз, чунки SAP ёки Oracle сингари классик нарсалар жуда қиммат бўлиб, бор-йўғингни чақиб олади. Буёқда эса бепул ечимлар бор, масалан, Hadoop, MySQL ёки Red Hat.

“Тесла” кам сонли инженер-дизайнерлар жамоасини тўплаб, асосий инсон ресурси ишлаб чиқариш билан банд бўлган бошқа автомобиль компанияларидан батамом фарқ қилади. Бизда автомобиль, автопилот, қуёш панели ишлаб чиқариш, Solar Roof ва Powerwall лойиҳалари билан шуғулланаётган софтвер-девелоперлар бисёр.

Менинг жамоам катта массив маълумотларга ишлов бериш ва автомобиль ишлаб чиқаришдан тортиб сифат назоратидан ўтказишгача барча тизимларни интеграциялаш билан шуғулланади. Машинанинг ўзи бир қанча маълумотларни етказиб беради. Бу маълумотлар марказий серверга узатилади, сўнг уларни қайта ишлаш бошланади. Масалан, биз насоси бузуқ машиналарнинг телеметрия массивига ишлов берамиз ва насос бузилмасдан олдинроқ носозликни билдирувчи модел тузамиз. Шундай ҳолат юз берса, машина эгаси автосервисга бориши учун хабар юборамиз, у сервисда нима қилишларини билиши ҳам шарт эмас. Агар машинани тузатишга тўғри келса, Tesla уйга ёки иш жойига тегишли мутахассисни юборади ва эгаси ортиқча вақт сарфламайди. Шундай вақт келадики, автоном машиналар сервис марказларига эгасидан бўш вақтида ўзи қўниб ўтадиган бўлади. Шу тариқа бизнинг machine learning моделимиз омилларнинг муайян комбинациясида қандайдир ҳодиса юз бериши ёки бермаслигини олдиндан айтишда ёрдамлашади.

Автомобилнинг телеметриясига доир барча матнли файлларни сақлаб қўйишдан мақсадимиз одамларнинг қаерга боришини кузатиш эмас, бунинг ҳеч кимга зарурати йўқ. Бу маълумотлар қаттиқ ҳимояланган. Уларга ишлов берилгандан сўнг, яъни шахсларга тегишлилиги белгилангач, фақатгина фавқулодда ҳолатларда махсус рухсатнома билан кўрилиши мумкин. Бу улкан ҳажмдаги маълумотларнинг фойдаси катта.

Насос мавзуига қайтамиз. Маълумотларни таҳлил қилиб, машинанинг сифатсиз қисмини топишимиз, яна қайси машиналарда бу носозлик мавжудлигини аниқлашимиз ва унга диққатимизни қаратишимиз мумкин. Бунга асосланиб етказиб берувчи фирмани ёки насос русумини ўзгартиришимиз мумкин. Ҳар қандай носозликнинг турли сабаблари бўлади: материал ёки конструкциянинг ўзи ёмон бўлиши, тайёрлаш жараёни қўл учида бажарилган бўлиши мумкин. Аниқ сабаби аён бўлса, ҳаш-паш дегунча созланади.

Tesla компанияси сифатга қаттиқ эътибор беради, машина бузилмаслиги учун жидду-жаҳд сарфлайди. Компания юриш масофасини чекламасдан батарея ва моторга 8 йиллик кафолат беради, шунинг учун ресурслар катта бўлмоғи лозим. Автоном бошқарув deep learning базасида яратилади, сиз бу функцияни фаоллаштирмаган бўлсангиз ҳам телеметрик маълумотлар тўпланиб боради. Ёритиш, йўлнинг ҳолати, об-ҳаво, юрилган йўл ҳақидаги маълумотлар қанча кўп бўлса, авторусум шунча ақллилашиб боради. Автопилот тизимининг мукаммаллашишида ҳар бир машина ҳисса қўшади. Элон Маск шу йилнинг охирида автопилотли автомобиль Лос Анжелесдан Нью-Йорккача юриб боришини ваъда қилди. Ўзи ўрганувчи русум туфайли шу даражага эришиш мумкин.

Бошқа автомобилсозлик компанияларидан Teslaнинг бир устунлиги бор. 2016 йилнинг 15 октябридан бери чиққан машиналарда автоном ҳаракатланишнинг тўла мажмуаси бор: 8 камера, радар, 12та ултратовушли датчик ҳамда объектларни танувчи суперкомпьютер. Қанча ахборот кўп келиб тушса, шунча яхши. Таққослаш учун Googleни олайлик. Унинг Пало Алтода юрган бир нечта автомобили тўплаган жами маълумотни “Тесла” бир кунда тўплайди. Уларнинг ўрганиш учун ахборот массивини бизники билан солиштириб бўлмайди.

Тик интеграция

Биз Mobileye Исроил фирмаси билан автопилотнинг биринчи версиясини тайёрлаганимизда (ҳозир уни Intel 15 млрд долларга сотиб олган) “Тесла” тўпланган маълумотдан фойдаланишга изн берган. Улар билан ҳамкорликни бас қилгач, барчасини ўзимиз бажармоқдамиз, Mobileyeда эса ўзининг нейрон тармоғини ўргатиш учун бу маълумотлар йўқ. Intel билан ҳамкорлик қилувчи ва унга боғлиқ автокомпаниялардан фарқли равишда “Тесла”да барчаси in-house ва тўлиқ назорат остидадир.

Ёки, масалан, Мерседес ҳам электромобиль тайёрлашини билдирди, аммо улар батарея чиқармайди-ку. Батарея бу нархнинг асосий қисми. Агар унга талаб ошса, батареясозлар “Йигитлар, нарх икки баробарга ошади”, дейди. Tesla эса батареяни ўзи тайёрлайди, иш ҳажми катта, нарх пасаяди. Шунинг учун in-house ва компания ичидаги тиғиз тик интеграция жуда тўғри бизнес-стратегиядир.

Албатта, ўзимиз ясашимизга ҳожат бўлмаган компонентлар бор, масалан, насос ёки тормоз, чунки улардан миллионлаб топилади, уларда ҳеч қандай ноу-хау йўқ. Электромотор, батарея, дастур, автопилот – барчаси ўзимизники.

Бизнинг контракторларимиз жуда кам, Ҳиндистонда офисимиз йўқ, барча девелоперлар маҳаллий офисда. Бу сермаҳсулроқ ва тезроқ ишлашга имкон яратади. Шиддат билан ўсаётган компания учун бу жуда муҳимдир. “Тесла”га келганимда 5 минг одам ишларди, ҳозир 30 мингга яқин. Ўтган йили бизга бир ярим миллионтача резюме жўнатишди, фаҳмлаганингиздек, номзодлар орасида рақобат катта. Компания фақат фавқулодда қобилиятли ёки нодир тажрибали мутахассисларни чақиради. Масалан, салоннинг дизайнидан шикоят тушди ва “Тесла” Volvoда дизайн бўйича вице-президентлик лавозимида ўтирган одамни олиб келди.

Компаниянинг мутахассисликлар спектри жуда кенг, дастурий таъминот асосий бизнес эмас. Бизга тўда-тўда мутахассислар керак эмас, бирор лойиҳа устида 200та дастурчини йиғишнинг ҳожати йўқ. Аммо жамоани маҳаллий мутахассисларда бўлмаган нимагадир ўргата оладиган истеъдоди порлоқ шахсларга талаб бор. Биз senior даражасидаги одамларни олишга ҳаракат қиламиз, токи улар дарҳол ишга киришсин ва иш жамоасини тўхтатиб қўймасин. Бунда одамнинг савияси у еча оладиган масаланинг тоифасига, масъуллик даражасига қараб белгиланади. Девелопер сифат учун QA эмас, у жавоб беришини англаши лозим. Кўпинча, юқорироқ, оддий бўлмаган лавозимга даъвогарлардан презентация тайёрлаш, ишда дуч келган муаммо ва уни қай йўл билан, нега бошқача эмас, айнан шундай йўл билан ҳал қилгани ҳақида ҳикоя қилиш талаб этилади. Дарвоқе, Teslaга ишга кирувчилар наркотик бўйича тиббий таҳлил топширади.

Аслида, Bay Areaда девелопер топишнинг мураккаб жойи йўқ, конвейерда ишлайдиган малакали одамларни ёллаш қийин, мана бу касб, ҳақиқатан, танқис. Айни менинг жамоамда ҳозир Master Data Management System учун девелопер ўрни очиқ. Сайтдаги талабларни диққат билан ўқинг, тегишли резюмени тайёрланг ва дадил интилинг! Менинг севимли ақидамга қулоқ осинг – “бой берилган имкон ҳеч қачон қайтиб келмайди!”

dou.ua асосида тайёрланди

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"