Томсиз Huayra гиперкари 2,3 млн доллар туради

Томсиз Huayra гиперкари 2,3 млн доллар туради

Горацио Пагани фирмаси купедан родстер тайёрлади, у такрор эмас, бутунлай янги русум кабидир. Бунинг сабаби шундаки, родстер Huayra купесидан томи йўқлиги билангина фарқланмайди. Усти очиқ машина учун янги углерод-титанли монокок ишлаб чиқилган. У асос русумдан 52 фоизга пишиқ ва енгилроқдир. Хуллас, родстер купедан 80 килограммга кам тош босади, яъни 1280 кг.

Яна бир фарқи 730дан 764 от кучигача оширилган олти литрли V12 M158 битурбо моторидадир. Айлантириш моменти орқа ғилдиракка узатилади.

Худди суриладиган томи ва бошқа элементлари сингари аэродинамикаси ҳам ўзига хосдир. Дарвоқе, уни икки хил вариантда таклиф этишмоқда. Биринчиси мато тентли бўлиб, ҳаво очиқ вақтда йиғиштириб қўйса бўлади. Иккинчиси карбон панелли бўлиб, панорамали ойналарга эга.

Родстернинг купедан асосий устунлиги шиддатидадир. 3,3 сониядаёқ юз тезликка чиқади, максимал тезлиги 360 км/соат.

Huayra Roadsterнинг адади юз нусхадан ошмайди. Гиперкарнинг харидори нақ 2,3 млн евро санаб беради. Бу солиқлар ҳисобга олинмагандаги нарх.

Қуйидаги видеони 360 градусга буриб томоша қилишингиз мумкин

.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"