Тракторчи ҳам ўқиб “права” олади

Тракторчи ҳам ўқиб “права” олади

Одатда, қишлоқларда механизаторлар трактор ҳайдашни отасидан, акаси ёки бошқа яқин кишилардан ўрганганини, кейин “права” олганини фахрланиб гапиради.

Бугун эса вазият ўзгарганган. Тракторлар аввалгидек бир ҳафта юрса, икки ҳафта таъмирланмайди, аксарияти замонавий. Механизатор бошқаришига қулай, фермер учун харажати кам. Бундай тракторлар ҳар кимга ҳам эмас, техникани тушунадиган, уни бошқаришни биладиган ва бунинг учун ҳуқуқи бор кишига берилмоқда. 

Шундай бўлса-да яқинда давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама этилиб, харакат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгилангач, “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан назорат тадбирлари ўтказилди.

Бошқармаси томонидан ишчи гуруҳи ташкил этилиб, тракторчи-механизаторлар тайёрлашга ихтисослашган 13 та ўқув муассасасининг моддий-техник базаси ўрганилди. Ўрганиш натижалари асосида ўтказилган ўқув-амалий семинарда муассасалар раҳбарлари ва тегишли соҳалар мутахассисларига аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан чоралари белгиланди. Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари учун тракторчи-механизаторлар тайёрлашга ихтисослашган ўқув муассасларида таълим жараёнини янги инновацион технологиялар асосида ташкил этиш юзасидан механизаторлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш юзасидан зарур тавсиялар берилди.

– Бугунги кунда ходимларимиз томонидан 30 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг электрон базаси шакллантирилди – дейди “Ўзагроинспекция” Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Даврон Очилов. – Яъни, қайси фермер хўжалиги, кластер ва қишлок хўжалигиги корхоналарида қандай техникалар мавжудлиги, уларни ким бошқараётгани ҳақида маълумотларимиз бор. Бу борада ўрганиш ва рейд тадбирларимиз ҳам мунтазам ўтказиб борилмоқда. Ушбу жараёнда ҳали ҳануз айрим фермерлар, раҳбарлар “тракторни бошқаришни билса бўлди-да” қабилида иш тутиб, тегишли ҳужжатлари бўлмаган шахсларга транспорт воситаларини бергани ҳолатлари аниқланди. Албатта, бунинг учун тегишли чоралар кўрилмоқда. Бундан буён бу борадаги талаб яна ҳам кучли бўлади.
2021 йилда вилоятда тракторчи-механизатор мутахассислиги тайёрлашга ихтисослашган 3 та янги ўқув маскани ташкил этилди. Айни пайтда шу ва бошқа мактабларда 1 минг 118 нафар тингловчи сабоқ олмоқда.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.