Uber мижозларига учар автомобиль ваъда қилмоқда

Uber мижозларига учар автомобиль ваъда қилмоқда

Люк Бессоннинг “Бешинчи унсур” фантастик фильмини кўпчилигимиз кўрганмиз. Унда актёр Брюс Уиллис учувчи такси ҳайдаб юришини яхши хотирлаймиз. “Убер” раҳбарияти ушбу блокбастердан илҳом олган кўринади, яқин ўн йилда учар таксилар рўёбга чиқишини айтмоқда.

Компаниянинг расмий баёнотида “Худди осмонўпар иморатлар чекланган ер майдонидан самарали фойдаланиш имконини берганлиги сингари шаҳар ҳаво транспорти тизими ердаги қатновни анчагина сийраклаштиради. Ҳозир биз айнан ушбу хаёлий ғоянинг амалиёти устида ишлаяпмиз”, дейилади.

“Убер”чилар электрга ишлайдиган учувчи транспорт воситасининг паркини тавсифловчи 97 саҳифали ҳужжат чоп этди. Учармобиллар ҳавога тик ҳолда кўтарилади ва шу тарзда қўна олади. Uber янги хизматни оддийгина “Elevate” деб номлади.

“Убер” учар автомобилни ўзи ишлаб чиқармоқчи эмас. Бу ишга хусусий ва давлат компанияларини жалб қилади. Табиийки, лойиҳага давлат аралашмаслигининг иложи йўқ, чунки инфраструктура, сертификациялаш ва қонун-қоидаларга доир ечилиши керак бўлган бир қатор масалалар бор. Келаси олти ой ичида компания шаҳар ҳаво транспорти тизими бунёд этиш масаласини ўрганади. 2017 йил бошида эса ўз ютуқларини матбуот билан ўртоқлашади.

Ташкилий масалалар бир ёқли бўлиши билан, қарабсизки учармобиллар хизматга мунтазир бўлиб турибди. “Убер” бошқалардан яхшироқ хизмат кўрсатишга ваъда беряпти. Профессионал учувчилар ишга олинади, мижозлар базаси юритилади.

“Убер”чиларнинг ваъдасига ишонсак, ўн йилда учувчи автомобиль ҳавога кўтарилади. Хўш, автопилотли учувчи автомобил-чи? Ўзи бошқариладиган учармобиль яратилиши учун, борингки, яна ўн йилни қўшамиз. Аммо бугун ҳайдовчисиз автомобилга қўрқа-писа ўтираётган йўловчилар, учувчисиз учар машинага ўтирармикан? Кўрамиз.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"