Украинада Ўзбекистон автомобилларига нега махсус бож жорий этилгани сабаби маълум бўлди

Украинада Ўзбекистон автомобилларига нега махсус бож жорий этилгани сабаби маълум бўлди

Аввалроқ Украинада Ўзбекистон автомобилларига нисбатан қўшимча бож жорий этилгани ҳақида хабар берган эдик. Украинанинг “Деловая столица” нашри Ўзбекистонга қарши савдо уруши ташаббусчисининг номини келтирди. Айтилишича, Ўзбекистондан келаётган автотранспорт воситалари импортига махсус божхона тўлови жорий қилиш таклифини берган ташкилот “Укравтопром” – Украина автомобилсозлар уюшмасидир.

Уюшма маркетинг ва иқтисодий таҳлил департаменти директори Георгий Овсянниковнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда ҳам украиналик автоетказувчиларга 5 фоизли қўшимча тўлов жорий қилинган, бундан ташқари, Украинадан Ўзбекистонга машина етказишни сусайтирадиган валюта чекловлари ўрнатилган.

“Натижада ўтган йилнинг тўққиз ойи мобайнида Украина Ўзбекистон бозорига 11.8 млн долларга 1.32 минг енгил автомобиль етказган бўлса, шу йилнинг январь-сентябрь ойларида бу кўрсаткич тегишли равишда 950 минг доллар ва 100 дона машинага тенг бўлди”, — қайд қилди Овсянников.

Экспертларнинг фикрича, GM-Uzbekistan вакиллари амалда Украина бозорига қизиқмай қолди, шу боис йилнинг уч чораги давомида Украинада Ўзбекистоннинг 1.15 млн долларлик 170 машинаси сотилган.
“Қиёс учун, шу даврда Россияда GM-Uzbekistan 90 баробар, Қозоғистонда 15 баробар кўпроқ машина сотди”, — дейилади материалда.

Манба: Kun.uz

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.