Vespa электрли скутерга айланди

Vespa электрли скутерга айланди

Миландаги кўргазмада италянлар Vespa Elettrica деб номланган тўла электрли скутерни намойиш қилди.

Elettricaни токка тўйғазиб олиб, юз км йўл босиш мумкин. Оддий розеткага суқиб қўйса, тўрт соатда заряд тўлдириб олади. Электромотор салкам учта от кучига эга. “Рим таътиллари” киноси билан машҳур бўлган “Веспа”, албатта, шаҳар шароитига мўлжаллаб ясалган.

Мотоциклнинг батареяси 10 йил хизмат қилади. Минг марта заряд олгач, батареянинг сиғими дастлабки ҳолатидан 20 фоизга камаяди. Бу унчалик ёмон кўрсаткич эмас, кўпчилик автобатареялар ҳам шундай.

Янги скутер Vespaнинг бошқа русумларидан дизайни, кумушранг туси билан ажралиб туради. Ўзига хосликни ихтиёр этган мижозлар учун олти хил рангдаги версиялари таклиф қилинади.

Рангли TFT-дисплей барча маълумотни экранга чиқаради. Қурилмалари орасида Bluetooth ҳам бор. Дарвоқе, бу “Веспа”нинг шлемида симсиз микрофон ва динамиклар ўрнатилган.

Vespa Elettrica 2018 йилда дилерларнинг қўлига тегади. Унинг қанчадан сотилиши маълум эмас, бироқ муваффақияти шунга боғлиқлиги шубҳасиз.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"