Хитойликлар ҳамёнбоп электрли седан ишлаб чиқарди

Хитойликлар ҳамёнбоп электрли седан ишлаб чиқарди

Хитойнинг BYD фирмаси BYD Qin EV300 номли электрли седан ишлаб чиқариб, савдони бошлаб юборди. Янги русум экологик тоза автомобиллар орасида энг ҳамёнбопи номига даъвогарлардан.

BYD Qin гибриди

BYD Qin гибриди

Машина BYD Qin гибрид седанининг электрлаштирилган модификациясидир. BYD Qin 2013 йилдан бошлаб чиқарилган. Электрли седанимиз “ака”сидан фақат “ички аъзолари” билан фарқланади, шу сабабли иккаласининг габарити бир хил: узунлиги 4740 мм, кенглиги 1765 мм, ғилдираклар базаси 2660 мм.

Батареялар блоки кузов поли остига жойлаштирилганлиги туфайли юкхона анча кенгайган. Гибрид русум юкхона ҳажми 300 л бўлса, электрли седанники 450 литрга етган. Машинада 218 от кучига тенг электромотор бор. Айлантириш моменти олд ғилдиракка узатилади. Юз тезликка 7,9 сонияда чиқади. Энг юқори тезлиги 150 км/соат бўлиб, тўла заряд билан 300 км йўл боса олади.

Электромобилни 220 вольтли оддий розеткадан ҳам, махсус 380 вольтли станциядан ҳам қувватлантирса бўлади.

Электромобиль олдидаги панели рақамли қурилмалар билан жиҳозланган, 12,7 дюймли экрани бор. Салонга тўқсариқ-қора чарм сирилган, ёғоч қопланган.

Машина нархи 150800 юандан (23315 доллар) бошланади. Энг ҳашаматли модификацияси 200800 юан (31045 доллар) туради.

Бу нарх Хитой фуқаролари учун қимматлик қилиши мумкин. Аммо ҳукумат жорий этган экологик чегирма сабаб автомобил баҳосини 109000 юанга (16844 доллар) тушириш мумкин. Ушбу бонус харидорларга яхшигина имконият туҳфа этади. Қолаверса, бензин пулини тежаш истаги фуқароларни электромобиль сотиб олишга ундайди.

Электромобилларнинг афзаллиги ҳақида қуйидаги мақоламизда ўқинг.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"