Ягона нусхада чиқарилган 10 автомобиль

Ягона нусхада чиқарилган 10 автомобиль

Ҳашаматли ва ранг-баранг автомобилларни кўчада баъзан учратишга ўрганиб қолганмиз. Аммо сизни ишонтириб айтамизки, қуйида саналган автомобиллардан бирортасини шаҳрингиз кўчасида учратиб қолсангиз, кўзингизни узолмасдан тикилиб қоласиз. Яккаю ягона нусхада ишлаб чиқарилган автомобиллар такрорланмас дизайнли бўлади. “Ясаб бўлгач, қолипи синдириб ташланган” машиналарнинг умумийлиги уларнинг осмон баробар нархидадир.

  1. Lamborghini Egoista Concept

2013 йилда Lamborghini фирмасининг 50 йиллик санасига бағишлаб чиқарилган автомобиль Голливуд фантастик фильмларидаги жанговар шаттлга ўхшайди. “Космик автомобиль” сиртини кўриб кўз қамашади, ичини тасвирлашга тил ожиз. Асосан, карбон толасидан ясалган бўлиб, қуввати 600 от кучига тенг. Энг юқори тезлиги 350 км/соат. “Фазомобиль” нархи 3 млн доллар туради.

  1. Maybach Exelero

Ушбу шедевр русум нархи осмонга бўйлашади – 8 млн доллар. Нархигина эмас вазни ҳам оғир – 2,6 тонна. Двигатель ҳажми 6 литр, энг юқори тезлиги 350 км/соат.

  1. McLaren X-1 Concept

Лойиҳалаштиришнинг ўзига уч йил кетган (махсус буюртма асосида). 625 от кучига эга мотори бор учар Макларен двигатели 3,8 литр ҳажмли бўлиб, энг юқори тезлиги 330 км/соатдир. Нархи Майбахдан бир оз арзон – 7 млн доллар.

  1. Rolls – Royce HYperion

Британиялик коллекционер бисотидаги автомобиль нархи 6 млн доллар туради. Қимматбаҳо ёғоч материали билан сайқал берилган ҳашамдор машинага ўтирсангу, денгиз соҳилида кутиб турган яхта сари йўлга чиқсанг… Мотор қуввати 460 от кучи, двигатель ҳажми 6,8 литр, энг юқори тезлиги 250 км/соат.

  1. Ferrari F12 Berlinetta TRS

Инглизлардан ортда қолмаслик учун итальянлар отини қамчилайди. Ушбу спорт ”от”и 4,2 млн доллар туради. У ҳозир қандайдир қўл етмас гаражда чанг босиб ётибди. 740 от кучига эга авто 3 дақиқада 100 км/соат тезликка етишади. Энг юқори тезлиги 350 км/соат. Қизиғи шундаки, интерьерида зарурий ҳисобланган аудиотизим, ойнакўтаргич, иқлим назоратчиси каби қурилмалари йўқ.

  1. Sbarro GT1

Япасқи машина 1999 йилда пойгада Mersedes жамоаси ютуғи шарафига ясалган. 450 от кучига эга, двигатель ҳажми 7,4 литр. Энг юқори тезлиги 350 км/соат. Салон бутунлай бошқача: спорт ўриндиғи пол ва эшик панеллари билан туташиб кетган. Нархи 1 млн евро.

  1. Jaguar C-X75

Мушук авлоди номига қўйилган башанг автомобиль 1,2 млн доллар туради. Албатта бу нарх билан дарҳол харидорини топиб кетиши осон эмас. 2010 йилда йиғилган бўлиб, ўзига хослиги тўрт электромоторининг умумий қуввати 780 от кучига тенг эканлигидир. Энг юқори тезлиги 330 км/соат.

  1. Ford GT90

Чинни кошин сингари оппоқ бу автомобиль 1995 йилда ишланган бўлишига қарамасдан кўпчиликни лол қолдиради. Двигателда 720 от қуввати бор. Энг юқори тезлиги 407 км/соатга етади. Суперкарлардан қолишмайди.

  1. Audi Rosemeyer

2000 йилда ишланган бу болид 30-йилларнинг таниқли автопойгачиси Бернд Розмайер номини олган. “Болид”, деб, одатда, бир одам (ҳайдовчи) сиғадиган, ғилдираклари кузовдан туртиб чиқиб турган пойга автомобилларига айтилади. Ташқи қиёфаси спорт машиналарига хос. 792 от кучига эга мотор ёрдамида 350 км/соат тезликкача эришса бўлади. Ҳозир бу русум Audi музейларидан бирини безаб турибди.

  1. BMW Gran Coupe Pininfarina Lusso

Бавариялик автомобилсозларсиз рўйхатимиз тўлиқ бўлмайди. Қиличдай ярқираган ва узун автомобиль эътиборни жалб этмасдан қолмайди. Салонга қимматбаҳо чарм сирилган ва сайёрамиздаги энг кекса дарахт бўлмиш Янги Зеландия каури ёғочи қопланган. 550 от кучига эга.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"