2016 йилда ақлли автомобиллар қандай ҳунарлар ўрганди

2016 йилда ақлли автомобиллар қандай ҳунарлар ўрганди

Жорий йилда ҳайдовчисиз автомобиллар синови кам ўтказилди. Унинг ўрнига ҳақиқий эксплуатация ишлари бошланиб кетди. Бошқарув алгоритмлари ва сунъий интеллект хавфсизлик ҳамда бошқа соҳалар бўйича янги ечимларга эга бўлди. Ҳақиқий транспорт тижорати ва пойга трассаларида ҳайдовчисиз автомобилларни учрата бошладик.

Одамни ҳам юкни ҳам

Бу йили ёзда Uber ҳайдовчисиз юк машиналари билан шуғулланувчи Otto стартапини олди ва кузда “ақлли” юк машинаси биринчи тижорий юк — 50 минг банка пивони 200 км масофага элтди.

Аммо ҳайдовчисиз автомобиллар жорий йилда эришган энг йирик ютуқ такси хизматига жалб этилиб, йўловчи ташиганлигидир.

Американинг nuTonomy компанияси бу борада барчадан ўзиб, август ойида сингапурликлар учун автоном электрокар таксилар хизматини таклиф қилди. Бир ой ўтиб АҚШ кўчаларига Uberнинг ҳайдовчисиз таксилари чиқди. Lyft ҳам унинг изидан бормоқда. “Яндекс. Такси” хизмати ҳам қатордан қолмай Москвада шундай синовлар ўтказилиши бўйича музокаралар олиб борилаётганини билдирди.

Ҳозирча, мижозга ҳайдовчи кузатувисиз автомобиль юборилиши ҳақида гап бораётгани йўқ. Ҳайдовчисиз автомобиль синалаётган мамлакат қонунчилиги унинг рулида ҳамиша синовчи бўлишини талаб қилади. Қолаверса, автоном такси хизматидан фойдаланиш ҳаммага ҳам эмас: Uber ўзининг энг садоқатли мижозларига Питтсбургдан чиқмаслик шарти билан илтифот кўрсатаётибди. nuTonomyнинг иш доираси эса янаям торроқ: шундоқ ҳам кафтдек Сингапурнинг 7 кв кмли районида бу хизматдан фойдалана оласиз холос.

Бугунча энг қулай автомобиллар “Убер”да. NuTonomy ва Lyft ихчам электромобил чиқарадиганлар (Renault, Mitsubishi и Chevrolet) билан ҳамкорлик қилса, Uber Ford ва Volvo билан муносабат ўрнатган. Синовларнинг дастлабки босқичида “Убер” йўловчиларини ўрта синф Ford Fusion седани олиб юрса, кейинроқ улар S90 седани, V90 универсали, XC90 йўлтанламаси каби фахрий швед русумларига ўтиради.

Такси хизматлари Autopilot тизимли Tesla Model Sни жон деб ишлатар эди, аммо Элон Маск компанияси йўловчи ташиш компаниялари билан ҳамкорликка эмас, рақобатга киришишни режалаштирган. Октябрда “Тесла” автопилотли машиналарини Uber, Lyft каби хизматлар учун тақиқлашини эълон қилди. Кимки “Тесла” машинасида кира қилиб пул ишлашни истаса, Tesla Network дастури бошланишини кутишига тўғри келади. Бу лойиҳа тўғрисида келаси йили билиб оламиз.

Сергак кузатув, камроқ авария

Google компаниясининг янги автоном машиналари ҳар ой хавфсизлик борасида ўрганган янгилигини нашр этиб боради. Автоном машиналарнинг хавфсизлиги масаласи энг нозик мавзудир. Баҳорга “Гугл-кар”лар ҳаракатнинг бошқа иштирокчиларини хавфдан огоҳлантириб сигнал беришни ўрганди, ёзда бурилаётган велосипедчиларнинг имо-ишорасини сезадиган бўлди, кузда эса одамга ўхшаб манёвр қилишни ўрганди. Илгари улар, масалан, тўсиқни айланиб ўтишда сантиметригача ўта аниқликда ҳаракатлангани учун йўловчи ва ҳайдовчиларни бир қадар чўчитган.

Буларнинг барчаси нохуш ҳодисалар манзарасида рўй бермоқда. Автомобиль нашрлари ҳайдовчисиз автомобиль келтириб чиқарган ЙТҲларни йил давомида нашр этиб борди. “Гугл-кар” жорий йилда ўз айбига кўра биринчи ЙТҲни бошдан ўтказди. Рулида синовчи ходим ўтирган Uber ва nuTonomy таксилари майда ЙТҲларга учради, автопилотидан исталган киши фойдаланиши мумкин бўлган “Тесла” электромобиллари эса жиддий аварияларга йўлиқди.

Май ойида Tesla Model S йўлидан кесиб чиққан тиркамали юк автомобилини “кўрмай қолди”. Электрокар эгаси Жошуа Браун ҳалок бўлди. Автопилот муаллифлари шундан сўнг барча куч-ғайратни тизимни такомиллаштиришга қаратди.

Октябрда Элон Маскнинг компанияси Autopilot тизимини ўтмишга кузатиб, янги Hardware Two тизимини яратишини эълон қилди. Autopilot ярим автоном бошқарувга мўлжалланган бўлса (аниқроғи, яккатезликнинг мукаммалроқ варианти, деса бўлади), янги тизим машинани мутлақо мустақил идора қилади. Буни амалга оширувчи “электрон мия” тайёр, аммо эксплуатацияга поғонама-поғона топширилади, чунки аввало дастурий таъминот ҳамда йўл ҳаракати қоидалари ўзгаришлари тайёр бўлиши лозим.

Янги аппаратлар эскисидан ҳар тарафлама яхши, муҳими уларнинг “кўзи”, яъни камералари керагидан ҳам зиёд. Tesla Model S ёмон кўриш туфайли ЙТҲга учраган, деб ҳисоблашади. Бу фикрда жон бор: битта видеокамера билан автопоезд сингари йирик объектни аниқ-тиниқ кўриб бўлмайди. Энди “Тесла”нинг барча русумларига теваракни кузатувчи саккиз видеокамера ўрнатилади. Иккитаси олдинга қарайди: асосийси 150, узоқни кўрувчиси 250 метрни кузатади. Аввалги ҳайдовчисиз тизим каби бунисида ҳам ўн иккита ультратовушли датчик электромобилнинг белини ўраб туради. Унинг фаолият радиуси икки баробар кенгайди. Бундан ташқари фронтал радар ҳам янгиланди.

“Тесла”лар бундан бери иш давомидаги маълумот тўплаб боради. Бироқ “гугл-кар”лар неча йиллардан бери бу ишга киришган, шунга қарамай лойиҳа ҳали ҳам тайёр эмаслигини айтиб ўтиш жоиз. Tesla бу йўлни илдамроқ босиб ўтиши мумкин. Google синовларида ўнлаб машина иштирок этса, Tesla минглаб серияли электромобилларни маълумот тўплашга қўйиб юборади, демак жараён фаолроқ кечади.

Бугун-эрта бу масала ҳам ечимини топади, аммо ҳозир Hardware Two тизимли автомобиллар янги трюкларни ўзлаштиргани йўқ, ҳаттоки, эски маҳоратини унутди. Аввалги машиналарда амал қилувчи автотормозлаш, мослашувчан яккатезлик ва автомобилни полосада тутиб юриш тизими янгисида йўқ, чунки “Тесла” ҳали янги микродастур ишлаб чиқмади.

Илгари ишлаб чиқарилган электромобилларда Autopilot ярим автоном тизими амал қилишда давом этади. Хавфсиз эмасми? “Йўқ”, дейди “тесла”чилар. Сентябрда инженерлар Autopilot 8.0 микродастурини ишлаб чиқди, унда бўлиб ўтган фожеали ЙТҲга ўхшаш ҳолатлар олдиндан кўзда тутилган. Энди тизим штатли радарини фаолроқ қўллайди ва объектларни олти марта кўпроқ қайд этади. Tesla Motors янги микродастур Жошуа Брауннинг ҳаётини сақлаб қолган бўларди, деб ҳисоблайди.

Қуш каби елиб

Баҳорда Roborace пойга болидининг дизайни илк марта кўрсатилган, кузда эса Британиянинг Сильверстоун трассасида синовдан муваффақиятли ўтган. Пойгабоп серияли автомобилларни чиқариш яқин ойларда Formula E мусобақаси билан бир вақтда старт олади. Roborace муассисларидан бири Yota компанияси асосчиси ва Россия алоқа вазирининг собиқ ўринбосари Денис Свердловдир. Болид-робот дизайни учун “Тахт: Мерос” фильми транспортлари қиёфасини гавдалантирган Даниэл Зимон масъулдир.

Roborace дастурчилар мусобақасидир. Жамоанинг барча аъзоларига бир хил болид тегади. Улар автомобилни бошқариш алгоритми ва сунъий идрокни мустақил ишлаб чиқишади.

Ҳайдовчисиз автомобиллар мусобақасини уюштиришга олдин ҳам уринишган. Аммо уни пойга деб аташ қийин. 2007 йилда Калифорниядаги ҳарбий авиабазада ўтказилган Urban Challenge мусобақаси ғолиби Chevrolet Tahoe автомобили 23 км/соат тезликда етиб келган. Ўн йил ўтар-ўтмас машиналар учқурлашганининг гувоҳимиз: сунъий идрок орқали бошқарилувчи Roborace болиди соатига 200 км тезликда ҳаракатланади.

Учқур автоном автомобилларга доир муҳим воқеалардан яна бири улар учун трек-кунлар ўтказилганлигидир. Трек-кун тадбири май ойининг охирида Американинг Thunderhill Raceway пойга трассасида бўлиб ўтди. Бу кунда автодром эшиклари очилади, спорткар ҳайдовчилари кўнгил очиш учун ўзаро мусобақалашадилар. Ҳайдовчисиз автомобилларнинг трек-кунини автомобилчиларнинг форумига қиёслаш мумкин. Трассага PolySync, Denso, Renovo Motors, Velodyne ва Nvidia автоном машиналари қадам ранжида қилди. Уларнинг вакиллари ўзаро мусобақалашибгина қолмасдан, тажриба алмашди. Трек-кун тадбирини Силикон водийсидан сармоячи Жошуа Шехтер ташкил қилди.

“Пойга трассаси мураккаб шароитда синов ўтказиш имконини беради, шу билан бирга хатоликларни жазоламайди (йўлдагидан кўра хавфсизлик юқори, ортиқча машиналар қатнамайди)”, дейди Future of Transportation блогига берган интервьюсида Шехтер. Бу ғоя европаликларга ҳам юқди. Британия ҳукумати молиялайдиган Innovate UK ташкилоти Англия, Франция ва Австрияда кўпсонли шундай тадбирлар ўтказишни режалаштирди.

Ҳайдовчисиз автомобиллардан яна қандай мўъжизаларни кутамиз? Land Rover русумлари йўлсиз шароитда юришни ўрганмоқда. Ford автомобилларини қишда сирпанчиқда юришга ўргатяпти. Бундан ташқари робот-машиналар теварак-атроф билан  мулоқотга киришмоқчи. Гап фақат ҳайдовчисиз автомобилларнинг ўзаро хабарлашуви ҳақида эмас, пиёдалар билан муносабатга киришиши тўғрисида кетяпти. Шведларнинг Semcon компанияси пиёдаларнинг ўнтасидан саккизтаси йўлни кесиб ўтишига ишонч ҳосил қилиш учун келаётган машина ҳайдовчиси билан кўз уриштириб олишини тадқиқ қилди. Дейлик, рулда ҳеч ким бўлмаса-чи? Бунга ҳам ечим таклиф этилган. “Ақлли автомобиль” олд қисмидаги оптикаси орқали ёйилиб табассум қилган кўйи пиёда билан саломлашиб, қарорни маъқуллашини билдиради.

Одатий автомобиль ҳайдовчилари, йўловчилар ва пиёдалар ҳайдовчисиз автомобилларга ишониши лозим. Semcon компаниясининг сўровномаси эса одамларнинг ярмидан кўпида ҳали ишонч уйғонмаганини кўрсатди.

auto.mail.ru мақоласи асосида тайёрланди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"