5 метрли Kia седани: тафсилотлар ошкор қилинди

5 метрли Kia седани: тафсилотлар ошкор қилинди

Жанубий Кореянинг KIA компанияси Cadenza моделининг янги авлодига оид маълумотларни ошкор қилди.

Улкан Cadenza седанининг ташқи кўриниши 2015 йилнинг кузида ошкор қилинган бўлса ҳам, Kia унинг техник хусусиятларини эндигина – буюртмалар қабул қилиниши бошланганидан сўнг маълум қилди. Қайд этиш жоизки, беш метрли “Каденза” ўз ватанида 30 млн 800 минг вон (тахминан 25,5 минг доллар)га баҳоланмоқда.

Янги автомобилнинг узунлиги — 4970 мм, кенглиги — 1870 мм, баландлиги — 1470 мм. Ғилдираклар базаси ҳам ошган (2855 мм). Моторлар сафига 2,2 литр ҳажмга эга дизелли ҳамда 2,4 ва 3,3 литрли бензинли двигателлар киритилган.

Бироқ айрим ахборот манбаларининг тасдиқлашича, автомобиль гибридли намуна ва 370 от кучига 3,3 литр ҳажмга эга бензинли V6 турбомоторига эга бўлади.

Cadenza седани Kia моделлари қаторида ўрта ҳажмли “Оптима” ва Quoris ўртасидан жой олади. Ёруғлик диодли янги авлод олд ва орқа ёриткичлари эса унинг кўркига алоҳида кўрк бағишлайди.

Мавзу:

#Kia#седан