Алламжонов: «Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш тизими устидан жамоатчилик назорати ўрнатилиши — ўта муҳим вазифа»

Алламжонов: «Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш тизими устидан жамоатчилик назорати ўрнатилиши — ўта муҳим вазифа»

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш тизими устидан жамоатчилик назорати ўрнатилиши — ўта муҳим вазифа. Бу ҳақда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов маълум қилди.

«Республика йўлларида 3,5 млн ва ундан кўпроқ автомашиналар ҳаракатланади. Ҳар йили автомактабларни битириб, бу йўлга кириб келаётган 450 мингдан зиёд ўқувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олади. Ҳар йили 3,5 млн.га яна 450 минг одам қўшиляпти. 

Кўпчилик тушуниб етди ва тан олдики, бугунги кунда автомактабларда ўқиш сифатида талаб даражасида эмас. Улар ўқув сифати бўйича эмас, балки нархлар бўйича рақобатлашади, оқибатда ўқув сифати пасайиб кетган. Нега нархлар бўйича рақобатлашади? Сабаби - коррупция. 

Ҳозир бутун республика бўйича имтиҳон марказлари жорий қилиняпти. Агар бу имтиҳон марказлари автоматлаштирилган бўлиб, инсон омили нолга тенглаштирилса, ҳеч қандай таниш-билиш иш бермаса ўқувчи автомактабларга талаб қўя бошлайди. Сифатли дарс талаб қилади. Шунинг натижасида турли фейк автомактаблар ўзидан ўзи ёпилишни бошлайди», дейди Комил Алламжонов.

Унинг сўзларига кўра, агар 14 та ҳудудда ана шундай имтиҳон марказлари жорий қилиниб, масала жиддий назоратга олинса, шунда илм трендга чиқади, фақатгина билими бор одам имтиҳондан ўтиб гувоҳнома олади.

«Агарда ҳудудлардан бирида шундай имтиҳон маркази очилиб, у ерда пул билан кириш имконияти пайдо бўлса, бутун ислоҳотлар нолга тенг. Шунинг учун жамоатчилик эътиборини, асосий масаладан чалғимаган ҳолда, мана шу жиҳатга қаратиш керак. Имтиҳон марказлари инсон омилисиз қандай ишлаяпти, фаолиятини автоматлаштирилган ҳолда қай даражада олиб боряпти? Шунга эътибор қаратиш лозим. 

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш тизими устидан жамоатчилик назорати ўрнатилиши - ўта муҳим вазифа. Асл масалани монополия ёки бошқа нарсалар билан олинган деган нарса билан чалғитиб ўтиб кетилса, билингки, ҳеч нарса ўзгармайди. Фаолиятини автоматлаштирилган ҳолда олиб борувчи имтиҳон марказларини ташкил қилиш йўлида ҳаммамиз бирлашишимиз керак», деди Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси.

Унинг сўзларига кўра, келажакда ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун жарима баллари тизими жорий этилади. Ҳайдовчи тезликни оширса – 1 балл, қизил чироқда ўтса – 3 балл ҳисобланади. Бир йилда қоидабузарликлар жами 12 баллдан ошса, ҳайдовчи автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлади ва қайтадан имтиҳон топширади.

Аввалроқ, Комил Алламжонов йўлларда ўзгариш қилиш учун 3 та асосий масаланинг ечимини топиш керак дея, таклиф берганди.

Унинг сўзларига кўра, биринчи масала инфратузилма (йўлларнинг равонлиги, жамоат транспорти тизимини яхшилаш, пиёдалар ва ҳайдовчилар учун етарли шароит, йўл белгилари, тизимнинг рақамлаштирилгани ва ҳ.к.)га тааллуқли.

Иккинчи масала - маъмурчилик (йўл қоидалари тўғрилиги, жазонинг барча учун муқаррарлиги, ашаддий қоидабузарларга жавобгарликни кучайтириш ва ҳ.к.).

Учинчи ўринда - ўқитиш ва имтиҳон масаласи (автомактабларда ўқитиш сифатини ошириш, ўқимаганларга ҳайдовчилик гувоҳномасини бермаслик).