Америкаликлар серияли суперкар ишлаб чиқариш тайёргарлигини кўрмоқда

Америкаликлар серияли суперкар ишлаб чиқариш тайёргарлигини кўрмоқда

Scuderia Cameron Glickenhaus (SCG) компанияси келгуси йилнинг мартида Женева автосалонида SCG 003S серияли суперкарини намойиш этишга азму қарор қилган.

SCG фирмасининг эгаси тижоратчи ва режиссёр Жеймс Гликенхаус бўлиб, у автоспорт ишқибози ва Ferrari мухлиси сифатида танилган. Ferrari P4/5 ва бошқа кўпгина спорткарларни буюртма бериб тайёрлатган Гликенхаус энди ўзи “муросасиз спорткар” ишлаб чиқаришга бел боғлади. Ўтган йили SCG 003C спортча прототипи Женевада кўрсатилган бўлса, келгуси йили унинг фуқаролар учун ишланган модификацияси тақдим этилади.

Суперкар айрим ўзгаришларга учради. Оптикаси, ҳавотортари (воздухозаборник) ва тутун чиқариш қувурчаси бошқачадир. 4,4 литрли твин-турбо мотор ўрнатилган бўлиб, 750 от кучига эга. 3 сонияга етмай юз тезликка чиқади. Максимал тезлиги соатига 350 км.

SCG 003S 2017 йилда Нюрбургринг пойга йўлагини забт этиш учун отланади. Машина муаллифлари у рекордни янгилашига ишонади.

Спорткар Италияда Manifattura Automobili Torino фирмаси томонидан ишлаб чиқарилади. Ҳар бир автомобиль маълум буюртмачи учун унинг хоҳишига мослаб алоҳида ясалади. Нархи эълон қилинмади, бироқ бир млн евродан кам бўлмаслиги тайин. Буюртмачилар келгуси йилнинг ёзида машинани қўлга киритишади.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"