Андижонда Damas’да йўловчи ташиш тақиқлангани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Андижонда Damas’да йўловчи ташиш тақиқлангани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Андижон шаҳрида 1 февралдан бошлаб Damas автомашиналарида йўловчи ташиш бутунлай тақиқлангани ҳақидаги хабарлар асосга эга эмас. Бу ҳақда Daryo.uz ёзмоқда.

Вилоят ҳокимлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон Президентининг 10 январдаги «Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 16 январь куни вилоят ҳокимининг шу йўналишдаги қарори қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, 2017—2021 йилларда Андижон шаҳрига 319 та автобус, 490 та микроавтобус (Damas эмас) олиб келинади. Бундан ташқари, 2018 йил 1 июлгача бўлган муддатда Андижон шаҳрида йўловчилар ташиш транспортида йўлкира учун нақд пулсиз ҳақ тўлаш тизими босқичма-босқич жорий этилиши кутилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги томонидан Damas’лар фаолиятини чеклаш бўйича ҳеч қандай ҳужжат қабул қилинмаган. Андижон шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳамда Автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг ҳудудий бўлимидан олинган маълумотларга кўра, фақат лицензиясиз йўловчи ташиётган, шунингдек, аслида бошқа йўналиш бўйича тендерда ғолиб чиқиб, амалда умуман бошқа йўналишда ҳаракатланаётган Damas ҳайдовчиларига нисбатан одатдагидек қонуний чора кўрилмоқда, холос.

Муҳаммадсаид Фозилбеков, Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати мутахассиси

Маълумот учун, Ўзбекистон Президентининг 10 январдаги қарорига мувофиқ, 2017—2021 йилларда Тошкент шаҳридан бошқа барча ҳудудлар учун 2912 та автобус ва 5700 та микроавтобус сотиб олиниши режалаштирилган.

 

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.