Автопойгачининг ғалабаси… синоптикнинг қўлида

Автопойгачининг ғалабаси… синоптикнинг қўлида

Шиддатли автопойга мусобақаларини барчамиз томоша қилганмиз. Автопойга деганда донғи кетган Шумахер ёдимизга келади. Баъзан механик ва менежер номлари қулоғимизга чалинади. Бошқа ҳеч ким. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Автопойгачининг ютуғи ортида фақат 1-2 мутахассис турибди десангиз, адашасиз. Парда ортида бутун бир жамоа бор.

Об-ҳаво шароити ноқулай келганлиги сабабли…

Ҳожибой Тожибоевнинг баҳоначи фермерининг иборасини бежизга келтирмадик. “Монте-Карло” раллисида ишқибозлардан фарқли равишда осмонга синчиклаб тикилаётган, шамолга қулоқ солаётган ва уфққа боқаётган одамларни учратиш мумкин. Улар метеорология мутахассиcларидир.

Автопойгага ҳеч қайси жамоа штатли синоптикларсиз келмайди, хусусан, мусобақа об-ҳавоси инжиқ ҳудуд ва мавсумда ўтказилганда. “Монте-Карло” тоғ раллиси 1911 йилдан бери ўтказилади ва ҳар сафар автоспорт ҳафталиги иқлим калейдоскопига айланади.

Бу кадрлар синоптикнинг иши нақадар муҳимлигидан далолат беради. “Монте-Карло” раллисида об-ҳаво ва қопламалар қанчалик тез ўзгаришига баҳо беринг.

Трассага оид об-ҳаво маълумоти бўлмаса, пойгачи ва инженерлар ҳассаси йўқ сўқир ҳолига тушади. Смартфон иловасидан об-ҳавони билса бўлмайдими, деб сўрашингиз мумкин. Бўлади, аммо бундай башоратлар катта ҳудудни қамраб олади, бунинг устига ҳамиша тўғри чиқавермайди. Шу сабабли пойга жамоасининг ўзига алоҳида синоптик керак.

Ҳақиқий вақтда об-ҳавони кузатувчи шахс марказга хабар етказади, у ерда эса мутахассислар йиғилган маълумотларни таҳлил қилиб, метеорологик хизмат раҳбариятига тақдим этади. Маълумотлар об-ҳавонинг сунъий йўлдош харитаси билан солиштирилади ва мусобақа ўтказиладиган ҳар бир йўналишнинг аниқ прогнозлари белгиланиб, пойгачиларга тегишли тавсиялар берилади.

Синоптиклар об-ҳавони айтиб бериш билангина чекланиб қолмайди. Масалан, айланма пойгада метеоролог башоратисиз тўғри тактика қилишнинг иложи йўқ.

Пойга жамоасининг 80-100 аъзосидан ўнтача мутахассис об-ҳавога масъулдир. Ҳа, инжиқ об-ҳаво шароитида яхши синоптикларсиз ютуқдан умид қилмаса бўлаверади.

Йўлни разведка қилинади

Ралли вақтида махсус участкада фуқароларнинг ҳаракатланиши тўхтатилади. Аммо бунга қадар умумфойдаланиш йўлларини разведкачи деб аталувчи мутахассислар яхшилаб текшириб чиқади.

Коль де Турини довони орқали ўтган йўл четида пачоқланган машиналар кўп учрайди. Пойгагача кеч бўлмасдан, йўлни аввалроқ разведка қилиш лозим.

Разведкачилар пойгадан бир неча кун аввал йўлни синчиклаб текширишга киришади. Об-ҳаво авзои бузилганда йўлнинг қайси қисмида носозлик пайдо бўлиши эҳтимолини ўрганади. Шунингдек, таҳлил учун тезлик стенограммасини ёзиб боради. Баъзан пойга пайтида умуман кўзда тутилмаган ҳолатлар юз беради, масалан, томошабинлар йўлга қорни думалоқлаб ташлайди.

Разведкага бориш мутахассисдан катта масъулият ва тажриба талаб қилади. Разведкачи нафақат йўл носозликларини, балки, унда пойга автомобили қандай юришини ҳам олдиндан билиши лозим. Шунинг учун бу ишни, кўпинча, эски пойгачилар бажаради.

Йўлдаги кичик нуқсоннинг касри

“Шлемни унутмадимми?”

Пётр Биринчи даврида мундирни тозалаш каби майда-чуйда ишлар учун зобитларга алоҳида хизматчи бириктирилган. Мақсад: масъул мутахассис маиший ишларга чалғимасин. Бунақа хизматчи ҳозирги пойга жамоаларида ҳам бор.

Пойгачиларнинг ўзи айтишича, мусобақа олдидан уларнинг фикри зикри “racing mode” ҳолатида бўлади. Мияси тактика, манёвр, бурилиш, тезланиш ва ғалаба сингари тушунчалар билан банд. Қолган масалалар иккинчи даражали. Паришонхотирлик қилиб қўлқоп ё шлемни унутиб қўйса нима бўлади? Шунинг учун ҳам хизматчи керак.

Пойгачи мусобақадан қайтади ва дарҳол дам олишга равона бўлади. Машинага қараш ва экипировка ишлари билан махсус тайинланган шахслар шуғулланади.

Шундай қилиб, пойгачининг иссиқ-совуғи, парвариши, машинанинг қарови хизматчининг зиммасидадир. Уларни ҳеч ким малай ёки ғулом деб ҳисобламайди, чунки автопойгадаги ғалаба ортида кўпчиликнинг меҳнати ётганини соҳа ичидагилар яхши англайди. Қолаверса, кичик маиший муаммо сабаб пойгада ютқазиш бутун жамоанинг мағлубиятидир.

“Сен ғолиб бўлишинг керак”

Пойга жамоасида шифокор бор, массажчи бор, ким қолиб кетди? Руҳиятшунос, менталист. “Пойгачи ўктам йигит, бурнини тортиб йиғламайди, руҳиятшуноснинг нима кераги бор?” — деманг.

Экстремал вазиятда стрессга тушмаган кишини топиш қийин. Пойгачи эса қиличнинг тиғида юради. Ҳатто тажрибали спортчи ҳам ўзини руҳий босим остида сезиши мумкин. Менталистнинг вазифаси автоспортчининг ҳаяжонини аритиш ва тўғри мотивация беришдир.

Спортчи пойгага шайланади, тайёргарлик жойида, техника бекаму кўст, бироқ рулга ўтиради-ю… шу заҳотиёқ омад ундан юз ўгиради. Айбдорни қидиради – тополмайди. Дард устига чипқондек, кетма-кет хатолар содир қила бошлайди. Гоҳида бир хато ҳалокатга олиб келади!

Баъзан эса автопойгачини хавотир ўз домига тортади ва у умидсизларча рулга ўтиради. Бундай ҳолда ғалабани кутишнинг ўзи кулгили. Мана менталист нега керак?

Менталист муолажасидан сўнг автопойгачининг ўзига ишонч ҳисси мустаҳкамланади. Улкан масъулият ҳисси жўш уради, яшин тезлигида манёврларни амалга ошириб рақибларни чангида қолдиришга ошиқади. Менталист жонига оро кирмаса, автопойгачи трассадан учиб чиқиши ва қолган умрини ҳасса таяниб ўтказиши эҳтимолга яқин.

Ментал мураббийнинг вазифаси спортчини ҳар қанақа ҳолатда ҳам совуққонликка ўргатишдир.

Тиқин ёпувчи ва бошқалар

Пит-стоп бу пойга чоғида спорткарни таъмирлаш, ёнилғи қуйиш, ғилдиракларни ювиш, шина алмаштириш каби ишлар бажариш учун тўхташдир. Бу вақтда машина орқасидан чиқаётган учқунни ўчирувчи мутахассисгача тайинланади. Таёққа ўрнатилган банка тутган киши шу ишни бажаради.

Умуман олганда, автопойгадаги ғалаби фақат пойгачиники эмас, кўпчиликникидир. Шунинг учун пойга жамоаси аъзолари “мен” эмас, “биз” деб гапиради.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"