BMW X4 ҳақида янги тафсилотлар пайдо бўлди

BMW X4 ҳақида янги тафсилотлар пайдо бўлди

Йўлтанламас купе концепти илк маротаба Шанхайда ўтказилган автосалонда 2013 йилда намойиш қилинган эди. Бироқ Германия концерни BMW X4’нинг янги авлодини тақдим этишга тайёр. Auto Bild нашрининг ёзишича, янги моделга бир қатор муҳим ўзгаришлар татбиқ этилади.

Авваламбор  бўлажак X4 ва унинг издоши BMW X3 бутунлай янги платформа асосида яратилади. Бу эса тўлиқ электр қувватида ҳаракатланадиган моделларни ишлаб чиқаришга имкон беради. Ҳозирча янги BMW X4 анъанавий моторларда ҳаракатланиши айтилмоқда. Моделнинг энг кучли варианти 6 цилиндрли агрегат билан таъминланиб, 400 от кучига эга бўлиши мумкин.

Шунингдек, янги авлод электроникаси BMW X4 автомобилида қўлланган катта янгиликлардан бири бўлади. Ушбу электроника тизимининг дастури автоматик тарзда уч йилда бир марта янгиланиши мумкин. Бу эса автомобиль конструкциясига ҳеч қандай ўзгартириш киритмасдан янги мультимедиа тизими ва электрон ёрдамчиларни қўллаш имкониятини тақдим қилади. Шунга ўхшаш тизим Tesla Model S автомобилига аллақачон татбиқ этилган. Баварияликлар ҳам, чамаси, ортда қолишни исташмаяпти.

Янги BMW X4 моделининг ташқи кўринишида катта ўзгаришлар кузатилмайди. Бироқ ишлаб чиқарувчи оптика тизими, радиатор панжараси ва бамперларни бироз янгилаши мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Мавлон Марасулов

Мутахассислиги бўйича таржимон. Олти йилдан буён электрон технологиялар соҳасида ишлайди. Турли чет мамлакатларида ўтказилган конференциялар иштирокчиси.