Бутунлай бошқача автомобиль: тўрттаси биттада

Бутунлай бошқача автомобиль: тўрттаси биттада

Италиянинг Dallara Automobili компанияси Dallara Stradale номли янги спорткарни намойиш қилди. Dallara Stradale, ҳаттоки, автомобилга мутлақо қизиқмайдиган инсонни ҳам бир қарашга мажбур қилади. Кузови трансформерлик хусусиятига эга спорткар батамом бошқа шаклни олиши мумкин.

Dallara автоспорт оламида пойга автомобиллари ишлаб чиқариши билан танилган. Аммо ўтган йили бу компания “фуқаробоп” спорткар тайёрлашини маълум қилди. Машина битгач, кўпчиликнинг диққатини жалб қилди. Чунки унинг эгаси 4та машинам бор, деб мақтаниши мумкин.

Спорткарнинг асос модификацияси 155 минг евро туради. Унинг кузови спидстер услубида, яъни ойна тугул, эшиклари ҳам йўқ. Ёқтириб қолганлар қўшимча 16 600 евро тўлаб, олд ойна ўрнатиб олиши мумкин. Шунда спидстер родстерга айланади.

Бундан ташқари, унга Т-симон карбонпластик рамка, қуш қанотли эшиклар ўрнатиб янада кучайтириш мумкин.

Кузови карбонпластикдан ишлангани ва ўлчами кичиклиги учун Dallara Stradale 855 кг тош босади. Ford EcoBoost двигатели тўрт юз от кучига эгадир. Кучли мотор ёрдамида юз тезликка 3,2 сонияда чиқиш мумкин. Энг юқори тезлиги соатига 300 км.

Нархи қиммат ва тузилиши соддалиги учун спорткарни талашиб кетишмайди, дейиш мумкин. Автомобилсозлар шунинг учун бор-йўғи 600 дона Stradale тайёрлашни режалаштирмоқда.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"