Дунё автосаноатини Африка қутқаради

Дунё автосаноатини Африка қутқаради

Дунё истеъмол бозорида барқарорлик ҳукм сурмаётган пайтда “қора қитъа” автокомпанияларнинг жонига ора кириши мумкин. Йирик автомобилсозлар учун Африка яхшигина ишлаб чиқариш ва савдо майдонига айлана олади.

Жанубий Африкага биринчилардан бўлиб Volkswagen кириб келган. Немис автомобилсозлари 2016 йилнинг сентябрида Кения ҳукумати билан битим имзолади. Унда Кения президенти Ухуру Кениата иштирок этди. Мамлакатда Polo авторусумини ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

VW Жанубий Африкада автомобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 351 млн доллар  сарфлайди. 2017 йилдан бошлаб ҳар йили 160 мингтадан машина ишлаб чиқармоқчи.

Жанубий Африка автомобиль бозори минтақада энг каттасидир. “Фолксваген”дан ташқари Toyota Motor Африка қитъасига қизиқиш билдирди. Toyota “Инновацион халқаро кўп мақсадли автотранспорт воситаси” (IMV) платформасида ишлаб чиқаришни янгилаш учун 427 млн доллар ажратди. IMV ўзи нима? У йўлтанламас, пикап, кичик юк машинаси ва седанларнинг платформаси бўлиб, ривожланаётган мамлакатлар учун айни мос саналади.

BMW вакиллари Кениядаги йиғиш заводи майдонини 50 фоизга кенгайтириш режасини эълон қилди. Лойиҳа келгуси йили амалга оширилади ва завод асосий экспорт пунктларидан бирига айланади.

Халқаро автомобиль саноати ташкилоти (OICA) маълумотига қараганда сўнгги ўн йилликда Африка автомобиль бозори ҳажми 40 фоизга ошди. Шунга қарамай, Африканинг 54 мамлакати автобозоридаги савдонинг умумий ҳажми дунё автомобиль бозори ҳажмининг бор-йўғи 2 фоизини ташкил этмоқда холос.

Аҳоли сони, табиийки, ўрта синф вакиллари миқдорининг ўсишини ҳисобга олганда Африка бозори йилига 3 млн автомобилни қабул қилишга тайёр бўлиши керак. Маълумот учун: 2015 йилда қитъа бўйича 1,55 млн авто сотилган.

“Қора қитъа”нинг муаммолари бир талай. Маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун қулай бизнес муҳити етишмайди. Бундан ташқари занжирсимон иш ташлашлар ишлаб чиқаришнинг белига тепади. 2013 йилда ёппасига иш ташлаш авж олгач, машмашани тартибга солиш ва ишлаб чиқаришни қайта йўлга қўйиш учун етти ҳафта керак бўлди, деб ёзади японларнинг Nikkei нашри.

“Тойота”нинг минтақавий бўлинмаси вакилларининг айтишича маҳаллий валюта қадрсизланса, автомобилсозлик корхонаси бутловчи қисмларни мамлакатнинг ўзидан харид қилишга интилади ва импортдан воз кечади. Шундай вазиятда мамлакатда бутловчи қисмлар етарли ишлаб чиқарилмаслиги туфайли автомобилсозларнинг иши орқага кетади.

Одатда, йирик автоконцернлар бирор-бир завод йилига 200 мингдан кўпроқ автомобиль тайёрлаб сотишга муваффақ бўлса, ишлаб чиқаришни локализациялаш ҳақида ўйлаб кўради. “Тойота” дистрибютори вакиллари Nikkei нашри билан суҳбатда ушбу муаммони ечиш масаласига тўхталди. Яъни бир қанча маркаларнинг бутловчи қисмларини бир заводда ишлаб чиқариб, бунга эришса бўлади, бироқ транспорт харажати яна ишнинг белига тепади.

Жанубий Африканинг протекционистик чора-тадбирлари ҳам инвесторларга хуш келмайди. Қора танли ва рангли аҳолини иқтисодий қўллаб-қувватлаш сиёсатидан келиб чиқиб, маҳаллий ҳукумат хориж компанияларига таъсир ўтказиши натижасида кўплаб маҳаллийлашган компанияларнинг акционерлари қора танлилардир. Бундай ҳолда чет эл компанияси субподрядчини рақобатбардошлилик хусусиятига кўра эмас, маҳаллий ҳукумат иродасига биноан танлашга мажбур бўлади.

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга ғов бўладиган яна бир омил истеъмолчилар янгисидан кўра минилган машинани афзал кўришидир. Масалан, Кенияда харид қилинаётган автомобилларнинг 85 фоизи “иккинчи қўл” ҳисобланади.

2015 йилда Кения пойтахти Найробига Uber кириб келди ва 4 минг нафарга яқин ҳайдовчи ёллади. Қолаверса, Lyft компанияси ҳам Uber изидан минтақага бормоқчи. Шу зайлда Африкада автомобиль бозори кенгайиши ва автотранспорт ривожланиши бўйича дунё мамлакатларига етишиб олишини олдиндан бемалол айтиш мумкин.

news.rambler.ru мақоласи асосида тайёрланди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"